Ссылки доступа

Қозоғистонда ҳайдовчиларнинг норозилик намойиши фаоли Абдураҳим Бейсен 15 суткага ҳибсга олинди


Юк машинаси ҳайдовчиларининг норозилик намойиши фаоли Абдураҳим Бейсен эҳтимолий норозилик намойишлари олдидан жами 15 кунга ҳибсга олинди.

Чимкент шаҳрининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди 28 сентябрь куни кечқурун қарор қабул қилди.

Суд қарорларига кўра, 44 ёшли Байсенга «тинч йиғинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузган ҳолда митинг ташкил қилиш» (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 488 моддаси 7 қисми) ва «қонунга бўйсунмаслик» (667 -модда) айблари қўйилган. Биринчи айблов бўйича у 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, иккинчисида — беш кун.

29 сентябрга ўтар кечаси ўндан зиёд фаоллар ҳибсхонага келиб, Байсенни қўйиб юборишни талаб қилишди. Фаол Нурлибай Татаевга кўра, 30 сентябрь куни ҳайдовчилар пуллик йўллар, дизель ёқилғиси нархининг кўтарилиши ва мажбурий эмлашга қарши чиқишмоқчи бўлган.

Ёзда оғир юк машиналари ҳайдовчиларининг норозилиги пайтида Абдураҳим Бейсен ҳибсга олинган.

Май ойининг охирида, Қозоғистоннинг бир қатор вилоятларида оғир юк машиналари ҳайдовчилари ҳокимиятнинг автомобиль йўлларидан фойдаланиш учун тўловларни жорий этиш режаларига қарши чиқишди. Ҳайдовчилар йўлнинг сифатига, ёқилғи-мойлаш материаллари нархининг ошишига ва юк ташиш нархларининг пастлигига ишора қилишди.

2 июнь куни Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Бейбут Атамқулов ҳайдовчиларнинг чиқишларига изоҳ берар экан, «жаҳон амалиёти» сифатида автомобиль йўлларида пуллик тўловлар жорий этилишини ҳимоя қилиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, «биринчи навбатда, нуқсонларсиз таъмирланган йўллар ишга туширилади». Унинг сўзларига кўра, 2025 йилгача 11 минг километрлик автомобиль йўлларида пуллик тўловларни жорий этиш режалаштирилган, шундан 5,8 минг километр — шу йилнинг охиригача.

XS
SM
MD
LG