Ссылки доступа

АҚШ ва Россия ҳарбийлари Марказий Осиёда Россия базаларидан фойдаланишни муҳокама қилишди


АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли ходими генерал Марк Милли ва Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов учрашувда Россия президентининг Россия ҳарбий базаларидан биргаликда фойдаланиш ҳақидаги таклифини муҳокама қилишди.

Бу ҳақда Wall Street JournalАмерика расмийларига таяниб ёзмоқда. Юқори мартабали ҳарбий амалдорлар 22 сентябрь куни Хелсинкида музокаралар ўтказди. Москва ва Вашингтон эса изоҳ беришдан бош тортишди.

«Коммерсант» газетаси хабар беришича, Владимир Путин июнь ойида Женевада АҚШ президенти Жо Байден билан учрашувда Афғонистонда пайдо бўлаётган террористик таҳдидларга жавоб бериш учун Россия ҳарбий объектларидан фойдаланишни таклиф қилган. Wall Street Journal нашрининг ёзишича, саммитдан сўнг АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмийлари Миллидан Россия президентининг таклифи жиддийми ёки бу баҳсли таклифми, аниқлик киритишни сўраган.

Оқ уй вакилининг Wall Street Journal газетасига айтишича, АҚШ Афғонистонга яқин ҳудудларда ўз ҳарбийларини жойлаштириш учун Москвадан рухсат сўрамаяпти. Шу билан бирга, Вашингтон Путиннинг бу борадаги позициясини тушунишни истайди, дейди манба.

Америка матбуоти ёзишича, АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилгандан сўнг, Вашингтон ўз аскарларини Тожикистон ва Ўзбекистонда жойлаштириш имкониятларини кўриб чиққан. «Коммерсант» манбаларининг хабар беришича, Женевада Путин Байденга Тожикистон ва Қирғизистондаги Россия базаларини биргаликда ишлатишни таклиф қилган.

Август ойида, АҚШ қўшинлари олиб чиқилиши билан, Толибон Кобулни эгаллаб олди ва ўз ҳукуматини туза бошлади. Чегарадош давлатларнинг фикрича, минтақада толиблар ҳокимиятга келганидан кейин террорчилик хавфи эҳтимоли ошади.

XS
SM
MD
LG