Ссылки доступа

30 сентябрдан кейин полиция ноқонуний муҳожирларни Россиядан чиқариб юборади


Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова 30 сентябрдан кейин полиция ноқонуний муҳожирларга қарши чоралар кўриши, жумладан мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Июнь ойида президент Владимир Путин муҳожирларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддатини 30 сентябргача узайтириш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Сентябрь ойининг охиригача Россия Федерациясида қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет эл фуқаролари Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқий мақомини ҳал қилишлари керак эди. Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги Бош бошқармаси икки кун олдин чет элликларга мораторий тугаганини эслатди ва ўз муаммосини ҳал қилмаганларни «маъмурий чоралар» билан қўрқитди.

Россия мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов «Коммерсант» нашрига миграция марказларидаги навбатлар ҳақида гапириб берди. Фуқаролик ёрдами қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина нашрга айтганидек, унга Россияда қонунийлаштира олмайдиган ва депортация қилинадиган одамлардан юзлаб мурожаатлар келади. Унинг сўзларига кўра, Толибон ҳокимият тепасига келган пайтда Россияда бўлган афғонлар энг қийин аҳволда қолган. Энди улар ўз ватанига ҳайдаб юборилиши билан таҳдид қилинмоқда.

«Коммерсант» Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеэв ва бошқа бир қанча манбаларга таяниб, Россиядан ноқонуний муҳожирларни депортация қилишга мораторий узайтирилиши мумкинлигини ёзади.

Россияда, Валентина Казакова айтганидек, ҳозирда 7 миллион муҳожир бор. Одатда Россия Федерациясида 9 дан 11 миллионгача муҳожирлар бўларди, лекин пандемия туфайли чет эл фуқаролари сони камайган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда Ўзбекистондан 332 мингдан ортиқ, Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбайжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг, Қозоғистондан 49 мингдан ортиқ ноқонуний мигрантлар бор.

XS
SM
MD
LG