Ссылки доступа

Давлат прокурори инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззат Омонни 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни талаб қилди


Тожикистон Бош прокуратураси вакили, давлат айбловининг тарафи сифатида, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг таниқли ҳимоячиси Иззат Омонга 9 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилди. У катта миқдордаги фирибгарликда айбланмоқда.

Бу орада, Душанбе шаҳар суди котиби Иззат Омонга қарши иш ёпилганини ва аризачиларга 1 миллион 90 минг рубль ва 1 минг долларлик зарарни тўлиқ тўлагандан сўнг, у амнистия учун тақдим этилганини айтди. Иззат Омон етти ойдан бери ҳибсда.

29 сентябрь куни Душанбе судидаги манбанинг хабар беришича, давлат айбловчиси Абдумўмин Кабирзоданинг талаби икки кун олдин айтилган, шундан сўнг судья маслаҳатлашув хонасига чиқиб кетган.

«Айбланувчининг амнистияга тушиши учун унинг ушбу босқичдан ўтиши керак (ҳукм — таҳрир ёзуви). Бош прокуратура жиноят ишининг терговини якунлади ва энди айбланувчига ҳукм чиқаришни талаб қилмоқда. Суд унга ҳукм чиқаради ва шундан кейингина амнистия тўғрисидаги қонунни қўллайди», — деди у.

Иззат Омоннинг айбида «жуда катта миқдордаги фирибгарлик» (Жиноят кодексининг 247 моддаси 4 қисми) амнистияга киради. Ҳуқуқ ҳимоячисининг қариндошлари, ишда кўрсатилган сумманинг ҳаммасини тўлаганликларини ва Иззат Омонга қўйилган айбловларнинг ҳаммасига қўшилмасалар ҳам, унинг озод бўлишини кутаётганликларини айтишди.

Москвадаги тожиклар маркази раҳбари Иззат Омон 25 март куни Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди ва Россиядан депортация қилинди. Тожикистон расмийлари уни бир кундан кейин Душанбеда ҳибсга олингани ҳақида эълон қилишди.

Расмийларга кўра, у фирибгарликда айбланиб, бир нечта шахсларнинг даъволари асосида ҳибсга олинган. Унинг қариндошлари айбловларнинг асоссизлигини таъкидлашди.

Иззат Омон тарафдорлари унинг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айбловлар аслида сиёсий сабабларга эга ва унинг Тожикистон ҳукуматини танқид қилиши билан боғлиқ деб ҳисоблайдилар. У Россиядаги муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан ташқари, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатган ва Тожикистон ҳукуматининг баъзи ташаббусларини танқид қилган.

XS
SM
MD
LG