Ссылки доступа

ДХХ 16 февраль воқеаларига алоқадор бўлган қидирувдаги шахс қўлга олинганини иддао қилди


Давлат хавфсизлик хизмати томонидан "Туркистон ислом ҳаракати" аъзоси экани иддао қилинган шахс (ДХХ матбуот хизмати фотоси)

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор бўлган ҳамда 23 йилдан буён қидирувда бўлган шахс хорижда қўлга олиб, Ўзбекистонга олиб келганлар.

Бу ҳақда давлатга қарашли ЎзА агентлиги сайти орқали ДХХ матбуот хизмати томонидан ёйинланган хабарномада айтилган.

Ўзбек чекистларининг иддаосича, 1969 йили Тошкент вилоятида туғилган Ю.Ж. исмли мазкур шахс “Туркистон ислом ҳаракати” аъзоси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этганлиги сабабли халқаро қидирувга берилган. ДХХ бу шахс қайси мамлакатда қўлга олиниб, Ўзбекистонга келтирилганига аниқлик киритмаган.

Унинг 1998 йил бошларида Чеченистонга бориб, иорданиялик Амир Хаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтгани, ўша йил охирларида Афғонистондаги “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилгани айтилмоқда.

“1999 йилнинг январь ойида ташкилот етакчиларининг кўрсатмаси билан у айланма йўллар орқали Тошкент шаҳрига келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликларни амалга оширади ҳамда уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб, Афғонистондаги “ТИҲ” етакчиларига юборади”, дейилган ДХХ хабарномасида унинг 16 февраль воқеаларига алоқадорлиги қўшимча қилинган.

Махсус хизмат қўлга олинган шахснинг 1998-2006 йиллар давомида хорижий давлатлардаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашганини ҳам иддао қилган ҳамда ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG