Ссылки доступа

Туркманистонлик фаол Дурсолтан Таганова Истанбулдаги депортация марказидан озод қилинди


Дурсолтан Таганова

Туркманистон ҳукуматининг очиқ танқидчиси, фаол Дурсолтан Таганова Туркиянинг Истанбул шаҳридаги депортация марказидан озод қилинди. Бу ҳақда 29 сентябрь куни «Туркманистон хроникаси» хабар берди.

29 сентябрь куни тушликдан кейин Дурсолтан Таганова адвокати керакли ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг Истанбулдаги депортация марказидан озод қилинди.

Таганова бир неча кун олдин Истанбулда ҳибсга олинган. Москвадаги «Мемориал» инсон ҳуқуқлари ташкилоти 27 сентябрь куни туркман фаоли Дурсолтан Тагановани Туркия ҳукумати Истанбулда ҳибсга олгани ва Селим Пошо депортация марказига ўтказилгани ҳақида хабар берди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълум қилишича, 26 сентябрь куни, эрталаб соат бешларда Таганова яшайдиган квартирага икки полициячи келган, лекин у уйда бўлмаган.

Шундан сўнг, фаол аёл уни Туркманистонга депортация қилиш билан таҳдид қилишгани ҳақида видео ёзиб олди ва туркман режимига қарши ишлаётган бошқа фаолларни «қўрқмасликка» чақирди. Таганованинг таъкидлашича, у ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаган, у фақат Тик -Токда видео чоп этган, у ерда туркманларни ўз ҳуқуқлари учун курашишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 19 июлда Истанбулда туркман фаолларининг норозилик намойишидан кейин Таганова турк полицияси томонидан ҳибсга олинган ва уч ой давомида депортация марказида сақланган. Шундан сўнг, фаол Туркиядан бошпана сўради ва қонуний равишда Туркияда яшаш ҳуқуқини олди.

Туркманистон хроникаси нашрининг хабар беришича, Туркия миграция хизмати бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмас. 29 сентябрь куни тушдан кейин фаол Таганованинг адвокати зарур ҳужжатларни тақдим этганидан кейин тергов изоляторидан озод қилинди.

XS
SM
MD
LG