Ссылки доступа

Тожикистонда Афғонистон қамоқхонасидан озод қилинган аёл судланмоқда


Женщины в одной из тюрем Афганистана

Тожикистонда бир неча ой олдин Афғонистоннинг Пули-Чархий қамоқхонасидан олиб чиқилган аёл судланмоқда. 31 ёшли Олима Камолова учинчи мамлакатларда ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликда айбланмоқда. Аёлнинг қариндошлари, у Сурияга ўз хоҳиши билан бормаганини даъво қилмоқда.

Олима Камолова устидан суд жараёни Ваҳдат шаҳар судида бўлиб ўтмоқда. 29 сентябрда прокурор уни 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди.

Олима Камолованинг укаси Сулаймон Камолов «Озоди» радиосига берган интервьюсида синглиси Афғонистоннинг Пули-Чархий қамоқхонасида бир йилдан кўпроқ сақланганини айтди. У айби кечирилади, деган умидда Тожикистон расмийларига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Энди ёш аёлга узоқ муддат қамоқ жазоси кутилмоқда: прокурор унинг Ироқ ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашганини даъво қилмоқда.

Олима Камолова яқинларининг айтишича, у 2015 йилда эри билан Россияга, у ердан эса Сурияга кетган. Олима, эри вафотидан сўнг, уч фарзанди билан Афғонистонга қандай боришга муваффақ бўлди ва у қандай қилиб Пули-Чархий қамоқхонасига тушиб қолди номаълум.

«Синглимнинг вояга етмаган учта фарзанди бор. У жанговар ҳаракатларда қатнашмади, у ўз хоҳиши билан Сурияга келмади — эри уни олиб кетди», — деди Сулаймон Камолов 29 сентябрь куни Озодлик радиосига.

Ваҳдат шаҳар суди ходимларидан бири, 29 сентябрь куни, исми сир қолиши шарти билан, Озоди радиосига Олима Камолова учинчи давлатларда ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликда айбланганини айтди. «Эртага у ўзининг охирги сўзини айтади, шундан кейин, эҳтимол, ҳукм чиқарилади», деди у.

Ўтган йилнинг январь ойида Олима Камолова Афғонистондаги Пули-Чархий қамоқхонасидаги тожик расмийларидан уни ва болаларни ўз ватанларига қайтаришни сўраган. Хатнинг нусхасини Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ходимлари унинг укаси Сулаймон Камоловга беришган. «Уч ой олдин мен афғон расмийларига таслим бўлдим. Сизни Тожикистоннинг Афғонистондаги элчихонаси орқали озод қилишимни осонлаштиришингизни сўрайман», — дейилади мактубда. Олима Камолова болалари билан ватанига қайтарилгандан кейин ҳибсга олинган.

Ҳозирда Олима Камолованинг болалари, қариндошларининг айтишича, мактаб-интернатда.

Олима Камолова — «Исломий давлат» (ИШИД) гуруҳи жангарилари, эрлари томонидан уруш зонасига олиб кетилган тожик аёлларидан бири. Бу аёлларнинг баъзилари Ироқда терроризмда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бошқалари эса ИШИД мағлуб бўлганидан кейин суриялик қочқинлар лагерларига жойлаштирилган. Аёллар бир неча бор Тожикистон расмийларидан ўз ватанларига қайтишни ташкил қилишни сўрашган, чунки лагерлардаги яшаш шароитлари чидаб бўлмас даражада.

2018 йилда Тожикистон ҳукумати Ироқдан 80 дан ортиқ болаларни ватанига қайтарган. Расмийларнинг таъкидлашича, Сурияда аёлларнинг ўз ватанларига қайтиши кечиктирилмоқда, чунки кўпчилик аёллар ва болаларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ.

XS
SM
MD
LG