Ссылки доступа

Telegram асосчиси Павел Дуров сайлов кунлари Навальний ботининг блоклангани масаласида сўров ўтказди


Founder and CEO of Telegram Pavel Durov

Telegram асосчиси Павел Дуров Россия Давлат думасига сайлов кунлари Навальний жамоасининг “Ақлли овоз бериш” дастури тавсиялари эълон қилинган телеграм-ботининг мессенжер маъмурияти томонидан блокланиши масаласида сўров ўтказди.

Навальнийга оид ботнинг блоклаб қўйилиши мухолифатчи тарафдорларининг кескин танқидига сабаб бўлган ва улар Дуровни Россия ҳукумати йўриғига юрганликда айблашган.

Сўров иштирокчиларига “Россияда Telegram фаолиятини буткул тўхтатиш” ва “Сайлов кунлари тарғибот ботлари ишини икки кунга тўхтатиб қўйиш” каби икки вариантдан бирини танлаш таклиф қилинган. 330 мингдан зиёд респондентдан 24 фоизи биринчи, 76 фоизи иккинчи вариантни танлаган.

Дуров ҳамон Apple ва Google ширкатлари Россия ҳукумати қистови билан Telegram’ни ўз иловалари дўконидан ўчириб ташлаши хавфи борлиги сабабли “Ақлли овоз бериш” дастури вақтинча блокланганини иддао қилмоқда.

“Ақлли овоз бериш” боти важидан менга сўров ва босимлар бўлмагани ҳақидаги гап-сўзлар бари ёлғон”, деб ёзган Дуров бу сўровлар айнан кимдан келганини очиқлаган эмас.

Унга кўра, сайлов кунлари ушбу масала у айнан сўровда баён қилганидек қўйилган. “КПРФнинг Давлат думасида бир-иккита қўшимча ўрин олиши россияликларнинг Telegram’дан фойдаланиш имкониятидан муҳимроқми?” – дея риторик савол қўйган Дуров КПРФ ҳам, “Ягона Россия” ҳам “битта марказдан бошқарилишини” айтиб, “Ақлли овоз бериш” стратегияси самарасига шубҳа қилган.

Унинг айтишича, Telegram’да мухолифат каналлари ҳеч қачон блокланмаган, лекин агар Apple ва Google уларни iOS ва Android қурилмаларида блоклаб қўйишни истаса, улар дарҳол блокланади.

18 сентябрга ўтар кечаси Павел Дуров Россияда сайлов якунлангунча Telegram сайловолди ташвиқотини олиб бораётган ботлар ишини чеклашини маълум қилган ва, жумладан, “Ақлли овоз бериш” ботини ҳам блоклаган эди.

Кейинроқ Алексей Навальний етакчи IT-ширкатларни Россия ҳукумати талабларини бажаргани учун танқид қилиб, улардан “кўнгли қолган”ини билдирган.

XS
SM
MD
LG