Ссылки доступа

Ўзбекистон Қирғизистонга қарзга электр энергияси етказиб беради


Ўзбекистон Қирғизистонга куз-қиш мавсумида 750 миллион кВт/соат электр энергиясини етказиб берадиган бўлди.

Қирғизистон энергетика ва саноат вазири Дўсқул Бекмурзаевнинг айтишича, Бишкек Ўзбекистон етказиб берган электр энергияси учун ҳақ тўламайди. Олинган электр қуввати вазият барқарорлашгача, Ўзбекистонга қайтарилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон орқали Қирғизистонга Туркманистондан 500 миллион кВт/соат, Россиядан 2-3 миллиард кВт/соат энергия олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қозоғистон ҳам кейинроқ қайтариб бериш шарти билан Қирғизистонга 900 миллион кВт/соат электр қуввати етказиб беради.

Тожикистон эса 1 октябрдан бошлаб Қирғизистонга кунига 1 миллион кВт/соат электр энергиясини етказиб бера бошлади.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қисмини суғориш мавсумида сув билан таъминловчи Қирғизистондаги Тўқтўғул сув омборида сув ҳажми кескин тушиб кетиб, 12,2 миллиард куб метрни ташкил қилгани ортидан мамлакат энергетик инқирозга учраши мумкин.

Ўзбекистон ва қўшни давлатлар Қирғизистонга электр энергиясини етказиб бериши натижасида Тўқтўғулда келгуси суғориш мавсуми учун етарли даражада сув тўплаш имконияти пайдо бўлади.

XS
SM
MD
LG