Ссылки доступа

Толибон таъсири. Ўзбекистон куч тизимлари радикал гуруҳлар устидан назоратни кучайтирди


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сентябрь ойида диний радикал гуруҳларга қарши курашни кучайтиргани, фаоллашган диний жамоалар манзилларида рейд уюштираётгани кузатилмоқда.

Манбаларга кўра, бу тадбирлар Афғонистонда ҳокимият Толибонга ўтгач, Ўзбекистонда ҳам диний радикализм таҳдиди ортаётгани ортидан бошланган.

Сурхондарё вилоятидаги манбаларга кўра, Афғонистон билан чегараолди ҳудудларида ДХХ ва ИИВ органлари ходимлари назорати фавқулодда кучайтирилган. Аснода умумиятла, диндор қатлам ва рўмолли, ҳижобли аёллари бўлган оилалар устидан яна назорат кучайгани айтилмоқда.

ИИВ берган расмий маълумотларга кўра, сўнгги бир ой ичида 200 га яқин шахс қўлга олинган ва уларнинг асосий қисми “Ҳизбут Таҳрир” жамоасига аъзоликда гумонланиб, ушланган.

Расмий хабарларда қўлга олинганларнинг 100га яқини Жиноят кодексини 159 ва 2442 - моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида турли муддатларга ушланган. Қолганларига нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чораси кўрилгани айтилди.

Айни пайтда ИИВ Ахборот хизмати аҳолини муттасил равишда огоҳлантирмоқда:

“Ҳизб-ут Таҳрир” экстремистик ташкилоти сафида фаолият қилиш, ғояларини қўллаб-қувватлаш, материалларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади. Ўзингизни ва фарзандларингизни экстремистик оқим ва террористик ташкилотлар сафига қўшилиб қолишдан асранг!”.

Айни пайтда, ИИВ тизимидаги манбаларга кўра, куч ишлатар тизимларда кейинги бир неча йил ичида ўзбек жамияти, жумладан, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида исломийлашув жараёни кучайганидан хавотирлар мавжуд.

“Турли радикал гуруҳларнинг фаоллаша бошлагани ҳақида сигналлар анчадан бери бор эди. Биласиз, улар доим кузатувда. Лекин “Хавсиз ҳудуд” тадбири бошланганидан кейин манзилли бориб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Кўпчилиги олдиндан рўйхат, қамоқда бўлганлар. Қидирувда бўлганлар ҳам бор. Расмий хабарлар тарқатилдику! Кейин, “Одноклассники”, Фейсбук тармоқларида радикал, экстремист шахслар таъсирига тушиб қолган ёш-ёш йигитлар ҳам бор, аёллар ҳам бор”, дейди шу кунда Тошкентдаги туманларнинг бирида ИИВ терговчиси бўлиб ишлаётган манба, шахси сир сақланиши шарти билан.

Тошкентдаги бўлинмалардан бирида муқаддам терговчи бўлиб ишлаган яна бир собиқ ИИВ ходимига кўра, сўнгги бир неча йил ичида бунақа рейдлар ўтказилмаётган эди.

Унинг фикрича, Шавкат Мирзиёев келиши билан диний эркинликларнинг берилиши, “қора рўйхат”даги шахсларга чекловларнинг бекор қилиниши, анча-мунча қамоқдаги диндорларнинг озод қилиниши аҳолининг диндор қатламидаги қўрқувни анчагина аритган ва ҳокимият идораларида ҳам диндорлар сони кўпайган.

Ўзбекистонда диний мавзуларни ёритиб келаётган ўзбекистонлик журналист фикрича, Тошкент ва қатор вилоятлардаги ҳибслар мамлакатдаги диний қатлам орасида ваҳима уйғотмаган.

Унинг хотирлашича, Ислом Каримов бошқаруви пайтида бундай ҳолатлар тезда овоза бўлар эди, чунки аксар ҳолларда бундай ҳибслар сохта айбловлар ёки ҳуқуқ бузилишлари билан амалга оширилар эди.

Аммо Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери оммавий қўлга олиш, судлашлар, қамоққа ташлашлар кузатилмаяпти.

Ижтимоий тармоқларда қатор фаоллар, журналист ва сиёсий таҳлилчилар, Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келиши билан, ижтимоий тармоқларда диндор ва дунёвий қатлам орасидаги масофа чуқурлашаётгани, хусусан толибларга хайрихоҳлик билдирувчи ўзбекистонликлар сони ортаётганига эътибор қаратмоқда.

Ислом Каримов бошқаруви даврида Афғонистон диний радикализм ва халқаро терроризм манбаси сифатида кўрилган. Ҳукумат нафақат Афғонистондаги радикал гуруҳларга қўшилган ўзбеклар, балки уларнинг яқинларини ҳам қаттиқ назоратда ушлаган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари радикал диний гуруҳларга аъзоликда гумон қилинган ёки уларга алоқаси бўлмаган мустақил диндорларга нисбатан ҳам систематик қийноқлар қўллангани учун танқид қилинган.

Танқидчилар Каримовни, хавфсизлик тизимлари қонунбузарлигини оқлаш учун исломий радикализм хавфидан фойдаланишда айблаб келганлар.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Ислом Каримов бошқаруви пайтида диний-сиёсий мазмундаги айблов билан қамалганлар сони 12 мингга етган.

2016 йилда Ислом Каримов вафот этиши ортидан, президентликка келган собиқ Бош вазир Шавкат Мирзиёев диний сиёсатда ислоҳотларни ваъда қилди. Илк ислоҳотлардан бири сифатида, қонунчиликдаги жазолаш амалиётини либераллаштирди. Хусусан ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш ва жазони ўташ тартибини енгиллаштирди.

Ислом Каримов даврида тақиқланган диний ташкилот ва ҳаракатларга аъзоликда гумон қилинган минглаб шахслар “қора рўйхат” дан чиқарилди. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида рўйхатдагилар сони 17 минг, чиқарилганлар сони 16 минг, деган эди.

Таҳлилчилар Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви даврида муттасил чеклаб келинган диний эркинликлар қайтарилаётгани, айни пайтда мамлакат ва ташқарисида диний радикализм таҳдидининг кучайишига сабаб бўладиган омиллар сақланиб қолаётганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG