Ссылки доступа

Facebook, Instagram ҳамда WhatsApp’да глобал носозлик рўй берди


Facebook Instagram

Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари ҳамда WhatsApp мессенжерида (улар барчаси Facebook ширкатига тегишли) 4 сентябрь куни тушдан кейин глобал носозлик рўй берди. Бу сўнгги йиллардаги энг йирик носозлик дея баҳоланмоқда.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерга беш соатдан ортиқ вақт мобайнида аксари фойдаланувчилар кира олмаган.

Муаммо ҳақида дунёнинг турли минтақалари, жумладан, АҚШ, Ғарбий Европа ва Россиядаги фойдаланувчилар маълум қилишган. Веб-сайтлар ҳам, иловалар ҳам ишламай қолган.

Facebook’да носозлик Тошкент вақти билан тахминан 20.30 ларда бошланган. Корпорация муаммони бартараф этаётганини маълум қилган. Унинг сабаблари расман очиқланганича йўқ.

WhatsApp расмий вакили NBC телеканалидаги чиқишида ширкат офисида “электрон почтадан бошқа ҳеч нарса ишламаяпти”, деб айтган.

Қатор далилларга кўра, муаммо DNS домен номлари тизимида юз берган. Тизимларга Facebook.com ёки Instagram.com’ни қандай топишни хабар қилувчи DNS қайдлари 4 октябрь куни эрталаб глобал маршрутлаш жадвалидан ғойиб бўлди, деб ёзган The Independent мухбири Брайан Кребс.

Бошқа маълумотларга кўра, носозлик сабаби динамик маршрутлаш протоколлари (Border Gateway Protocol, BGP) билан боғлиқ бўлиши мумкин. Улар турли тизимларга энг “тез” маршрут орқали ахборот алмашиш имконини беради. Январь ойида Forbes журнали 30 йил олдин ишлаб чиқилган бу технологиянинг заиф жиҳатлари мавжудлиги ҳақида ёзган эди.

Facebook, Instagram ҳамда WhatsApp аксари фойдаланувчиларга Тошкент вақти билан тахминан 2.45 ларда очилган.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжердаги глобал носозлик манзарасида АҚШ биржаларида муҳим индекслар пасайиб кетганлиги хабар қилинган, хусусан, NASDAQ индекси 2 фоиздан кўпроққа қадрсизланган. Facebook акциялари эса 5 фоиздан кўпроққа арзонлаган.

XS
SM
MD
LG