“Интерфакс” агентлиги қайдича, шикоят аризасида кўрсатилган важларни кўриб чиқиш учун тақрибан уч ой вақт кетган. Аризанинг рад этилиши сабабларини суд вакиллари журналистларга очиқлаган эмаслар.
Алексей Навальний шу йил январь ойи охирида Германиядан даволаниб қайтаётган пайтда Москва аэропортида қўлга олинганди. Орадан бир неча кун ўтгач, Москванинг Симонов туман суди Жазони ижро этиш федерал хизмати илтимосномасига кўра Навальнийга нисбатан белгиланган шартли жазони реал қамоқ жазоси билан алмаштириб, мухолифатчини колонияга йўллаш ҳақида ҳукм чиқарган.
Навальнийга нисбатан шартли жазо 2014 йилнинг декабрь ойида ўтказилган судда белгиланган. Ўшанда Навальний ва унинг укаси Олег “Ив Роше” ширкатидан маблағ ўмарганликда айбдор деб топилган. Ака-ука Навальнийлар мазкур айбловни қатъиян рад этишган ва “сиёсий сабабларга кўра” жиноий таъқиб этилаётганларини иддао қилишган.