Бу меъёр Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилди. 720-сонли мазкур қонун президент томонидан 4 октябрда имзоланди.
Қонунга асосан маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини судга юборади.
Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ўтказилади.
Ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.