Ссылки доступа

“Нархоз”нинг собиқ проректори “хавфли рецидивист” ўлароқ қидирувга берилди


Нодир Идиев
Нодир Идиев

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг (собиқ “Нархоз”) молия-иқтисод ишлари бўйича собиқ проректори Нодер Идиев Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилди.

Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумотига кўра, 49 ёшли собиқ проректор “фирибгарлик жиноятини содир қилиб, суд-тергов органларидан яширинганлиги сабабли” қидирилмоқда.

Н. Идиевга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (кўп миқдордаги фирибгарлик) ва 209-модда “а” банди (мансаб сохтакорлиги, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан жиноий иш қўзғатилгани айтиляпти.

“Ушбу шахснинг яширинган жойини аниқлашда амалий ёрдам кўрсатган фуқаронинг шахси сир сақланади ҳамда пул мукофоти билан рағбатлантирилади”, дейилган вилоят ИИБ хабарномасида.

Бухоро шаҳар ИИБ бошлиғи Баҳодирхўжа Шарипов “Дарё” нашрига Нодир Идиев давлатнинг 2 миллион долларини талон-торож қилганликда гумонланаётганини маълум қилган.

Н. Идиев “Нархоз” проректори сифатида 2020 йил январь ойидан бери ишлаб келган ва жорий йилнинг июль ойида меҳнат таътилига чиқиб кетганидан кейин ишга қайтмаган.

Бу лавозимга ўтгунига қадар у “Асака банк”нинг Бухоро вилояти филиалида фаолият юритган ва айнан шу ердаги фаолияти туфайли қидирувга берилган.

Идиев қидирувга берилгани ортидан унинг исми ва расми Тошкент давлат иқтисодиёт университети сайтидан ўчирилган, бироқ “молия-иқтисод ишлари бўйича проректор” ёзуви остида ҳали ҳам унинг электрон почта манзилини кўриш мумкин.

XS
SM
MD
LG