Ссылки доступа

АҚШ Тожикистон Мудофаа вазирлигига 20 та машина совға қилди


Қўшма Штатлар Тожикистон мудофаа вазирлигига мамлакат чегараларини мустаҳкамлашда ёрдам бериш доирасида 20 та юк машинасини совға қилди.

АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси маълум қилишича, қиймати 1,3 миллион доллар бўлган жиплар Мудофаа вазирлиги махсус кучларига чегараларда вазият қийин бўлган ҳудудларда операция ўтказишга имкон беради.

5 октябрь куни АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммерсхайм ва Тожикистон мудофаа вазирининг ускуналар ва қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари, генерал-майор Хусрав Бобозода енгил кўп мақсадли транспорт воситаларини топшириш маросимида иштирок этишди.

«Бу беғараз ёрдам, биз Тожикистонга чегара хавфсизлигини таъминлаш учун кўрсатаётган ёрдамимизнинг мисолларидан биридир. Биз Тожикистондан чегара хавфсизлиги соҳасидаги яқин ҳамкорлик учун миннатдормиз ва биргаликдаги ютуқларимиз билан фахрланамиз. Биз терроризм, наркотрафик ва ядровий қурол тарқалишига қарши курашда шерик бўлиб қоламиз. Биз биргаликда ишласак, кучлироқ бўламиз», — деди АҚШ элчиси.

1992 йилдан бери Америка Қўшма Штатлари Тожикистонга 330 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди. Бу ёрдам доирасида Тожикистон хавфсизлик кучларига умумий қиймати 10,5 миллион долларлик 358 та автомобиль топширилди, дейилади Америка дипломатик миссияси сайтида.

XS
SM
MD
LG