Ссылки доступа

Диссидент Арон Отабек касалхонага ётқизилди


Ўтган ҳафта касаллик туфайли озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган ва Павлодар қамоқхонасидан Олмаотадаги уйига юборилган шоир ва диссидент Арон Отабек нафас олиш етишмовчилиги билан касалхонага ётқизилган.

Бу ҳақда унинг қариндошлари ва фаоллари хабар беришди.

Фаол Ойсулув Абубакирова (ижтимоий тармоқларда Ася Асеткина тахаллуси билан танилган) бошқа ижтимоий фаоллар қаторида Арон Отабек қамоқдан чиққанидан кейин биринчилардан бўлиб учрашган. Отабекнинг синглиси тез ёрдам чақирган. Шифокорлар кислород билан тўйинганлик даражасини ўлчашди, индикатор паст бўлиб чиқди, Отабек касалхонага ётқизилди.

Отабекнинг синглиси Розия Нутушеванинг Озодликка айтишича, шоирнинг «томоғини тозалашга кучи йўқ», ўпкасида суюқлик тўпланган бўлиши мумкин. Тез тиббий ёрдам шифокорлари Отабекнинг аҳволини оғир деб баҳолаб, уни кислород аппарати билан боғлашди.

1 октябрь куни 2 сонли Павлодар суди маҳбуснинг соғлиғи туфайли Отабекнинг жазони ўтамаган қисмини бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирди. Ўша куни кечқурун уни Олмаотага йўловчи самолёти етказиб берди. Шаҳар аэропортида диссидентни кутиб олиш учун ўнлаб одамлар тўпланишди, лекин уни самолётдан уйига олиб кетишди.

Арон Отабек 2006 йилда Шанирак воқеалари ортидан 18 йилга озодликдан маҳрум этилган, ўшанда Олмаота чеккасида яшовчилар ҳукуматнинг уйларини «ноқонуний қурилган» деб бузиш уринишларига қаршилик кўрсатган. Тўқнашувлар натижасида бир полициячи ҳалок бўлди.

Отабек 15 йилини панжара ортида ўтказди. Февраль ойида Европа Парламенти Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи тўғрисида резолюция қабул қилди ва унда Нур-Султонни сиёсий маҳбусларни, шу жумладан Отабекни озод этишга чақирди.

Мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқ, деб даъво қилаётган Қозоғистон расмийлари бу йиллар мобайнида европалик ҳуқуқ ҳимоячилари ва қонунчиларга диссидент билан қамоқда учрашишга рухсат бермаган.

XS
SM
MD
LG