Ссылки доступа

«Қирғизистон миллий электр тармоғи» фуқароларни электр энергиясидан оқилона фойдаланишга чақирди


6 октябрь куни Қирғизистон миллий электр тармоғи (ҚМEТ) бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси истеъмоли ошганини эълон қилди ва шу сабабли фуқароларни электр энергиясидан тежамли фойдаланишга чақирди.

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, 5 октябрь куни Қирғизистон Республикасида электр энергиясининг бир кунлик истеъмоли қарийб 40 миллион кВт/соатни ташкил қилган, ҳукумат чегараси қарийб 32,5 миллион кВт/с. Сентябрь ойида ҚМEТ ҳисоб-китобларига кўра, электр энергияси истеъмоли 890 миллион 374 минг кВт/соатни ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 34 миллион 351 минг кВт/соат кўпдир.

Шу муносабат билан, ҚМEТ Тўхтоғул сув омборида сув тўпланиши билан боғлиқ мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, фуқаролардан қўшимча электр асбоблари ва ёритишни кераксиз ёқмасликни сўрайди.

Қирғизистон сўнгги йиллардаги энг катта энергия инқирозига дуч келмоқда, чунки Тўхтоғулда сув сатҳи паст. 3 октябрь ҳолатига кўра, сув омборида атиги 12,3 миллиард кубометр сув тўпланган, шу билан бирга қиш учун қулай ўтиш учун 16-17 миллиард кубометр зарур. Бир йил олдин сув сатҳи 15,2 миллиард кубометрни ташкил қилган.

Сув омборидаги критик даражани олдини олиш учун Қирғизистон электр энергиясини Қозоғистон ва Ўзбекистондан биржа орқали олади, шунингдек, Тожикистон ва Туркманистондан электр энергиясини импорт қилади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси Россиядан электр энергиясини етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG