Ссылки доступа

Тошкентда аёллар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш машғулотлари ташкил этилади


АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси аёллар ва қизлар ўзларини ҳимоя қилишлари учун зарур бўлган кўникмалар ва ўзига бўлган ишончни ривожлантиришга қаратилган ўз-ўзини ҳимоя қилиш бўйича ўқув дастурининг 2021 йилдаги якуний раундини Тошкент шаҳрида бошлаяпти.

Элчихона маълумотига кўра, машғулотлар ноябрь ойидан бошлаб замонавий спорт залида уч ой давомида ўтказилади. Курс жисмоний тайёргарлик даражасидан ёки олдинги машғулот тажрибасидан қатъи назар, 13 ёшдан ошган қизлар ва аёллар учун мўлжалланган.

Машғулотларга қатнашмоқчи бўлганлар икки гуруҳга (13 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар ҳамда ёши 18 дан ошган аёллар) ажратилади, ҳар бир гуруҳда иштирокчилар сони 30 кишидан ошмайди.

Қайд этилишича, курс давомида иштирокчилар ўзларини жисмоний зўравонликдан ҳимоя қилиш, яхши жисмоний ҳолат ва осойишталикни сақлаш учун бир қатор техника ва машқларни ҳамда низоларни ҳал қилиш, очиқ мулоқот ва стрессни бошқариш усулларини ўрганадилар.

Элчихона машғулотда иштирок этмоқчи бўлганлар жорий йилнинг 8 октябригача рўйхатдан ўтиши мумкинлигини билдирган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳисоботлари ҳамда ОАВ хабарларидан келиб чиқилса, сўнгги йилларда, айниқса пандемия даврида Ўзбекистонда аёлларга қарши зўравонлик ҳолатлари кўпайганини кузатиш мумкин. Зўравонлик қурбони бўлган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам бериш учун мамлакатда ўтган йили ҳатто “Нажот” мобил иловаси ишлаб чиқилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

XS
SM
MD
LG