Ссылки доступа

Апелляция суди блогер Ғаниевга нисбатан чиқарилган аввалги суд қарорини ўзгаришсиз қолдирди


Бобур Ғаниевнинг тармоқларда тарқалган фотосурати
Бобур Ғаниевнинг тармоқларда тарқалган фотосурати

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси 2021 йил 6 октябрь куни блогер Бобур Ғаниевга нисбатан Учтепа туман суди томонидан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судларининг расмий Telegram-канали орқали маълумот тарқатилди.

Аввалроқ жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди 1 октябрь куни Taftish.uz сайти журналистлари Бобур Ғаниев ва Аброр Қўзибоев ҳамда уларнинг таниши Обид Салимовга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлагани ҳақида хабар қилинган эди.

Тақдим қилинган суд қарори нусхасида Бобур Ғаниев Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси бўйича (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) айбдор деб топилгани қайд этилган.

Шунингдек, Аброр Қўзибоев 194-модда ва 195-моддалар, Обид Салимов эса 195-модда бўйича айбдор деб топилган.

Икки журналист ва уларнинг дўсти 30 сентябрь кунги ИИБ рейди пайти содир бўлган воқеада айбланган. Суд қарорида Бобур Ғаниев ва Обид Салимов ўз телефонларига ИИБ ходимларини видео олгани ҳамда Ғаниев “ИИБ ходимларини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, оммага ўзларини кўрсатиб, ИИБ ходимларини хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатган”и айтилган.

Ҳодисадан сўнг ИИБ ходимлари учовлонни Учтепа туман ИИБ биносига олиб боришган.

1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда 34 яшар Бобур Ғаниевнинг ИИБ хонасида тергов қилинаётгани акс этган фото ва видеолар тарқалган. Видеолардан бирида Ғаниевнинг тергов пайти ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани акс этган.

Видеолардан яна бирида гўё Бобур Ғаниевники экани айтилган мобил телефондан порнографик тасвирлар ҳам топилгани иддао қилинган.

Б.Ғаниевнинг ҳамкасблари иддаосича, танқидий чиқишлари сабаб унга нисбатан сохта айбловлар илгари сурилган ва уни жамоатчилик орасида обрўсизлантириш учун ИИБ хонасида видеога олиб тарқатилган.

Кейинроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида Бобур Ғаниевнинг ИИБ хонасидаги фото ва видеоларини ким тармоқларга тарқатиб юборгани юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилган.

Чоршанба куни ўтказилган апелляция суди Б. Ғаниевнинг адвокати Ф. Толибов томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ўтказилган, пировардида шикоят аризаси қаноатлантирмай қолдирилган.

XS
SM
MD
LG