Ссылки доступа

Австрия канцлери етакчилик қиладиган партия қароргоҳида тинтув ўтказилди


Австрия канцлери Себастьян Курц етакчилик қиладиган партия қароргоҳида куни кеча тинтув ўтказилди. Die Presse нашрининг хабар қилишича, Австрия халқ партияси вакиллари оммавий ахборот воситаларини пора билан ўзига оғдириб олишда гумонланмоқда.

Газета қайдича, тинтувлар Курц расмий вакили Йоханнес Фришманн, ОАВ билан ишлаш бўйича масъул Геральд Флейшманн ҳамда маслаҳатчи Штефан Штайнер кабинетларида ўтказилган. Улар партия ҳақида ижобий натижали сўровномаларни чоп қилиш учун Österreich газетасига пора таклиф қилганликда гумонланишяпти.

Бундан ташқари, Курц ва унинг сафдошларига қарши коррупция ва товламачиликка шериклик айблови бўйича тергов ўтказилмоқда. Бу иш юзасидан оила ишлари бўйича собиқ вазир ва ижтимоий фикр тадқиқотчиси Софи Кармасин, ижтимоий фикр тадқиқотчиси Сабина Байншаб ҳамда Österreich медиагуруҳи тергов қилинмоқда.

Жорий йилнинг май ойида парламент комиссиясида ёлғон баёнотлар бергани туфайли Себастьян Курц коррупцион фаолиятда гумонланаётгани маълум бўлганди. Баёнотлар 2019 йили ҳукумат инқирозига сабаб бўлган “Ибица-гейт” коррупциявий можаро юзасидан берилган. Ўшанда канцлер ўзининг айбсизлигини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG