Ссылки доступа

Индонезияда хитой-ўзбек вакцинасидан фавқулодда ҳолатларда қўлланишга рухсат этилди


Индонезия Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори препаратлари назорати агентлиги (BPOM) Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги BPOM маълумотига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

BPOM раҳбари Пенни К. Лукитонинг шу муносабат билан ташкил этилган матбуот анжуманида билдиришича, халқаро номи Zifivax бўлган мазкур вакцинанинг I, II ва III фаза тадқиқотлари унинг ножўя таъсирлари камлигини кўрсатган ҳамда вакцинанинг 3-дозасидан кейин 7 кун ўтгач, самараси 81,71% ни ташкил этган.

Бунгача ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан фойдаланишга фақат Хитой ва Ўзбекистонда рухсат этилганди.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III фаза синовлари Индонезиянинг Бандунг шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда жами 4000 нафар кўнгилли иштирок этган.

Қайд этилишича, COVID-19 вирусига қарши умумий 92,92 фоиз (жумладан, гамма вариантига қарши 100 фоиз, дельта вариантига қарши 77 фоиз, каппа вариантига қарши 90 фоиз) самарадорликни кўрсатган.

Индонезияда шу кунгача Bio Farma, Moderna, Pfizer, AstraZeneca, Sinopharm, up CanSino каби вакциналардан фойдаланиб келинмоқда.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси Ўзбекистонда Jurabek Laboratories қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқариляпти. Корхона ишлаб чиқарган вакцинанинг илк партияси 30 сентябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига тантанали равишда топширилган.

XS
SM
MD
LG