Ссылки доступа

Марказий разведка бошқармаси Хитой таҳдидига қарши кураш марказини яратади


Глава ЦРУ Уильям Бёрнс
Глава ЦРУ Уильям Бёрнс

АҚШ Марказий разведка бошқармасида (МРБ) “Хитойга доир амалиётлар маркази” номли янги тузилма ташкил қилинмоқда. Тузилма Хитой ҳукумати тарафидан бўладиган таҳдидларга қарши кураш олиб бориш билан шуғулланади. Бу ҳақда МРБ раҳбари Уильям Бёрнс маълум қилган.

“Хитойга доир амалиётлар маркази” Пекин вужудга келтирган ва “махсус хизматлар фаолиятининг барча соҳаларига дахлдор” глобал зиддиятларга жавоб ўлароқ ташкил этилмоқда, дейилган бошқарма сайтидаги хабарномада.

Бёрнснинг баёнотида Хитой АҚШ учун XXI асрдаги энг катта геосиёсий таҳдид, деб аталган. Урғуланишича, МРБ Хитой халқига эмас, балки мамлакатнинг коммунистик ҳукуматига қарши курашади.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитойда уйғурларнинг таъқиб этилишини “геноцид” деб атаган. “Камида 2017 йилдан бери Хитой Компартия назорати ва бошқаруви остида инсониятга қарши жиноятларни содир этиб келмоқда”, дейилганди давлат котиби Майкл Помпео баёнотида.

Вашингтон Пекинни саноат жосуслигида ва демократияга ҳужум қилаётганликда айблайди. Хитойга қарши курашни кучайтириш зарурлигини демократ сиёсатчилар ҳам, республикачилар ҳам мунтазам таъкидлаб келишади.

АҚШ контрразведка хизмати раҳбарлари бутун дунё бўйича ўнлаб айғоқчилари фаолияти барбод бўлгани ҳақида резидентураларга маълумот йўллаганидан сўнг бир неча кун ўтиб янги марказ ташкил этилгани ҳақида хабар қилинмоқда, деб ёзган New York Times. 2017 йилда газета 2010 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Хитой махсус хизматлари МРБнинг ўндан ортиқ айғоқчисини зарарсизлантиргани ва ўлдиргани тўғрисида хабар берган.

Уильям Бёрнс МРБ “тажовузкор Россия, фитнакор Шимолий Корея, ёвлашган Эрон ҳамда терроризм” сингари бошқа йирик таҳдидларга ҳам “жиддий эътибор” қаратишда давом этишини қайд этган.

XS
SM
MD
LG