Ссылки доступа

Толибон Тожикистон билан муносабатларни яхшилашга тайёрлигини билдирди


Мост Рузвай-Нусай на таджикско-афганской границе

“Толибон” радикал ҳаракати раҳбарияти Тожикистон билан барча мунозара ва ихтилофларни сиёсий-дипломатик йўллар воситасида ҳал қилишга ҳаракат қилишини билдирди. Тожикистон расмийлари Кобулдан келган бу баёнотга ҳали муносабат билдирганича йўқ.

Толибон шакллантирган ҳукуматнинг Ахборот ва маданият вазирлиги Маданият комиссияси аъзоси Руҳуллоҳ Умар “Толо” телеканалига берган суҳбатида Тожикистонни “яхши қўшни” деб атаган.

“Ташқи ишлар вазирлиги барча мамлакатлар билан алоқа ўрнатган ва биз ҳамма билан яхши муносабатлар ўрнатишга уриняпмиз. Иншааллоҳ, биз барча масалалар бўйича Тожикистон расмийлари билан ҳам музокара олиб борамиз”, деган Толибон мулозими ўзи мансуб бўлган ҳаракат Афғонистон ҳудудидан қўшни мамлакатларга ҳужум учун фойдаланишга изн бермаслигини урғулаган.

Руҳуллоҳ Умарнинг мазкур баёноти Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Покистон бош вазири Имрон Хон билан телефон мулоқотидан кўп ўтмай янгради. Мазкур мулоқот чоғида Тожикистон раҳбари Афғонистон билан чегарани ишончли ҳимоя қилиш мамлакатнинг устувор вазифаларидан бири эканини қайд этган. Э. Раҳмон турли кучларнинг кўламли мулоқоти Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишда муҳим омил эканлигини таъкидлаган. Музокаралар якунида Тожикистон ва Покистон раҳбарлари афғон муаммоси барча даражадаги бўйича икки давлат ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилиши юзасидан келишиб олганлар.

Бу орада айрим манбалар тожик-афғон чегарасининг Дарвоз участкасида чегара пункти ва кўприк очилгани ҳақида хабар қилишган. Манбаларга кўра, Рузвай-Нусай кўприги Афғонистоннинг Дарвоз уездида “тожик толиблари” деб аталадиган “Ансоруллоҳ” жангарилари пайдо бўлганидан кейин ёпилган.

Озодликнинг тожик хизмати манбалари маълумотига кўра, Тожикистон ҳукумати толибларга Рузвай-Нусай кўприги юк ташиш учун фақат Маҳдий Арсалон бошчилигидаги “Ансоруллоҳ” жангарилари Дарвоздан чиқиб кетганидан кейингина очилишини айтган. Маълум қилинишича, Маҳдий Арсалон жангарилари Афғонистон Бадахшонининг маъмурий маркази бўлмиш Файзободга жойлаштирилган. Тожикистон-Афғонистон чегарасининг бошқа участкалари ёпиқлигича қолмоқда.

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Душанбе қўшни давлатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун инклюзив ҳукумат тузилиши лозимлигини қайд этиб, толибларни бир неча бор танқид қилган. “Тожикистон бу мамлакатда зулм ва таъқиб воситасида тузилган, бутун афғон халқи, унда яшаётган барча миллий озчиликлар фикрини эътиборга олмасдан ташкил этилган бошқа ҳукуматни тан олмайди”, деганди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашувда.

Ўз навбатида, Толибон Душанбени “Афғонистон ички ишларига аралашмаслик” борасида огоҳлантириб, “акс ҳолда, ҳамма нарса бўлиши мумкин”лигини билдирган. Толиблар тузган ҳукумат раисининг ўринбосари Абдусалом Ҳанафий 26 сентябрь куни “Ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида Толибон Тожикистонни Афғонистон ички ишларига аралашмасликка чақиришини айтган, бироқ у Тожикистон Афғонистоннинг айнан қайси “ички иши”га аралашаётганига аниқлик киритган эмас.

Мазкур суҳбат чоғида Ҳанафий Толибон Тожикистон билан яхши муносабатда бўлишни исташини урғулаган: “Бир мамлакатнинг қўшни мамлакат ички ишларига аралашуви ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилолмайди. Ҳар қандай хатти-ҳаракат доим ўз оқибатига эга бўлади. Ҳамма ўз уйида тартиб ўрнатиш билан шуғулланса, яхши бўлар эди”.

Тожикистон расмийлари “Афғонистон ички ишларига аралашаётганлик”ка оид иддаоларни рад этишиб, уларнинг мақсади қўшни мамлакатда барқарорлик ва хавфсизлигининг тикланиши ҳамда чегаранинг нариги томонидаги тожиклар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши эканини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG