Ссылки доступа

Украина: Олий Рада спикери Дмитрий Разумков истеъфога чиқарилди


UKRAINE -- Dmytro Razumkov

Украина Олий Радаси раиси Дмитрий Разумков истеъфога чиқарилди. Мазкур қарорни парламентнинг 284 депутати ёқлаган, 74 депутат қарши овоз берган, деб хабар қилди Озодликнинг украин хизмати.

Парламент спикерини истеъфога чиқариш иқтидордаги “Халқ хизматкори” партияси фракциясининг ташаббуси бўлган, бу қарорни қўллаб овоз берган 284 депутатдан 215 нафари мазкур фракция аъзоларидир.

Разумков ўз чиқишида ҳокимиятни қонун устуворлиги тамойилларидан чекинишда ва сўз эркинлигига дахл қилишда айблаган. Шунингдек, у президент Владимир Зеленскийга алоқадорлиги тахмин қилинаётган офшор битимларини ўртага чиқарган “Пандора ҳужжатлари” суриштирувига шама қилган.

2019 йилги сайлов кампанияси чоғида президент Зеленскийнинг яқин сафдошларидан бири бўлган ва Радага сайловда “Халқ хизматкори” партияси рўйхати бошида турган Разумков истеъфосига унинг президент маъмурияти билан зиддияти сабаб бўлгани айтилмоқда.

Зеленский тарафдорлари Разумковни президентнинг айрим ташаббуслари, хусусан, “олигархларга қарши қонун” қабул қилинишига тўғаноқ бўлганликда айблашяпти. Шунингдек, Рада раҳбарининг ўз сиёсий амбициялари пайдо бўлган ва ҳатто президентлик лавозими учун курашмоқчи, деган фикрлар ҳам бор.

“Халқ хизматкори” партияси раҳбари Александр Корниенкога кўра, Разумков “ўз сиёсий ва ҳаётий амбицияларини жамоа мақсадларидан юқорига қўяди”.

“Назаримда, Дмитрий Александрович умумий принципларимиздан чекинди ва у бундан буён бизнинг жамоамиз аъзоси эмас. Бинобарин, шундай юқори лавозимда партиямизни тамсил эта олмайди”, дея Корниенкодан иқтибос келтирган Hromadske нашри.

Озодликнинг украин хизмати маълумотига кўра, спикер лавозимига беш киши номзод сифатида кўрсатилган. Хусусан, “Халқ хизматкори” фракцияси Разумковнинг ўринбосари Руслана Стефанчук номзодини илгари сурган.

XS
SM
MD
LG