Ссылки доступа

Ўзбек омбудсмани Гулнора Каримованинг аҳволи ҳақида маълумот берди


Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсмани) Феруза Эшматова Зангиотадаги 21-сонли умумий тартибдаги аёллар колониясида мамлакатнинг аввалги президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан учрашганини айтди.

"Мен у билан учрашгандим. У билан учрашган вақтим ҳаммаси жойида эди. Биз яна мониторинг ўтказамиз, чунки битта мониторингдан сўнг биз такроран текширамиз", — деди омбудсман 8 октябрь куни Тошкентда журналистлар билан учрашувда.

Омбудсманнинг баёноти Гулнора Каримованинг қизи Имон онаси билан учраша олмаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан янгради.

2021 йилнинг июль ойида Гулнора Каримованинг қизи Имон у ва адвокатлари онаси билан учраша олмаётганини маълум қилганди.

"Мен у билан учрашишга уриниб кўриш учун Ўзбекистонга қайтдим, аммо расмийлар уни ташқи дунё билан алоқасиз ушлаб туриш учун ҳар турли баҳоналар ўйлаб топишда давом этмоқада; ҳатто адвокатлар билан учрашиш, телефон қўнғироқлари, хатлар ва ҳоказоларга ҳам тақиқ қўйилган", - деб ёзди Имон.

Феруза Эшматова томонлар коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чекловлари сабаб учраша олмаган бўлишини таъкидларкан, ҳозир учрашувлар тиклангани, лекин Каримова яқинларидан у билан учрашиш учун мурожаат келиб тушмаганини айтди.

Гулнора Каримованинг адвокати Фанни Маргайраз Францияда чиқадиган Le Temps газетасига берган интервьюсида у 2019 йил июнидан бери биринчи марта 2021 йилнинг 7 ва 8 сентябрь кунлари мижози билан қамоқхонада учрашишга муваффақ бўлганини билдирган.

Маргайраз Каримованинг қўлларида кўкаришлар борлигини ҳам қўшимча қилган.

"Бу сафар биз у билан фақат ўзбекистонлик адвокат ва таржимон гувоҳлигида учраша олдик. Унинг қўлларида бир неча кўкаришлар бор эди", — деб таъкидлаган эди

Омбудсман Феруза Эшматова бу холат текширилиши ва Гулнора Каримова сақланаётган колонияда такрорий мониторинг ўтказилишини айтди.

Журналистларнинг Гулнора Каримованинг аҳволи яхшими, қабилидаги саволларига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қисқача: "Ҳа", деб жавоб берди.

Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 2020 йилнинг 18 март куни 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Каримова жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

У 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG