Ссылки доступа

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистон таклиф қилган резолюцияни қабул қилди


БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада ўтган 48-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган COVID-19нинг инсон ҳуқуқлари, жумладан, ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, резолюцияни кенгаш аъзоси бўлган барча 47 давлат маъқуллади. Бундан ташқари, резолюцияга 37 давлат ҳаммуаллифлик қилди.

Резолюциянинг асосий матни Ўзбекистон Миллий инсон ҳуқуқлари маркази томонидан тайёрланган. Резолюция матнини тайёрлаш жараёнида БМТ кенгаши билан 2 та норасмий маслаҳатлашувлар ўтказилди. Унда 70 давлатнинг 400 нафардан кўпроқ вакили иштирок этди. Ҳужжатга 300 дан кўпроқ ўзгартишлар киритилди.

Мазкур резолюцияни ишлаб чиқиш таклифини кенгашнинг 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессиясида президент Шавкат Мирзиёев таклиф қилган эди.

Резолюцияда давлатлар COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига салбий таъсирини камайтириш учун ёшларга тенг ҳуқуқларни кафолатлаши, жумладан, хотин-қизлар дискриминациясига йўл қўйилмаслигини таъминлаши лозимлиги қайд этилади.

Мазкур резолюциянинг бажарилиши юзасидан илк ҳисобот кенгашнинг 2022 йил сентябрда ўтадиган 51-сессиясида тингланади.

XS
SM
MD
LG