Ссылки доступа

Қирғизистон Халқаро арбитраж судида “MegaCom” иши бўйича ғалаба қозонди


Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Суд ваколатхонаси марказининг хабар беришича, 8 октябрь куни ҳакамлик суди Penwell Business Limited компаниясининг Қирғизистон ҳукуматига нисбатан 298 миллион долларлик компенсация талабларини рад этди.

Суд «Қирғизистон Республикасига сармоя киритаётганда, даъвогар маҳаллий шериклар ёрдамида ҳам, тўғридан-тўғри ҳам бир неча бор коррупцияга қўл урган» деб қарор қилди.

Суд ваколатхонаси марказининг маълумотларига кўра, бу Қирғизистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик тарихида «чет эллик инвесторнинг даъволари содир бўлган коррупция амалиёти асосида тўлиқ рад этилган» биринчи ҳолатдир. Улар, шунингдек, «бу муҳим ғалабага» жалб қилинган Willkie Farr & Gallagher LLP халқаро юридик фирмаси ёрдамида эришилганини қўшимча қилишди.

Эслатиб ўтамиз, Penwell Business Ltd оффшор компанияси 2017 йил июль ойида Қирғизистон Республикасига қарши халқаро арбитраж ишларини қўзғатди ва республика компаниянинг «BiMoCom МЧЖ (MegaCom савдо белгиси) га қўйган инвестицияларини мусодара қилганини даъво қилганди. Баёнотда айтилишича, Megacom оператори 2006 йилда «BiMoCom» МЧЖ негизида ташкил этилган ва тўлиқ Penwell томонидан молиялаштирилган, лекин 2008 йилда рейд ўтказилганидан сўнг, Қирғизистон собиқ президенти Максим Бакиевнинг ўғли атрофидагилар Penwellнинг улушини ўзларига қайта рўйхатдан ўтказган. 2010 йил апрель воқеаларидан сўнг, Муваққат ҳукумат корхонанинг 49 фоизини миллийлаштирди. 2014 йилда компания тўлиқ давлат балансига ўтказилди.

XS
SM
MD
LG