Ссылки доступа

Самарада 68 ўзбекистонликнинг заҳарланишига сабаб бўлган шахс шартли равишда уч йилга кесилди


Самара вилояти Сизран туман суди "Кошелевский посад" корхонасининг омбор мудирини эҳтиётсизлик ортидан уч одамнинг ўлимига ва 40 дан ортиқ одамнинг заҳарланишига сабаб бўлганликда айбдор деб топди.

Суд ҳукми билан омбор мудири икки йиллик синов муддати билан уч йилга шартли равишда кесилди. Омбор мудири судда ўз айбини тан олган.

Интерфакс агентлигининг хабар беришича, жабрланганларга товон пули тўлаш масаласи уларнинг илтимосларига асосан яшаётган ҳудудларидаги органлар томонидан кўриб чиқилади.

Судда аниқланишича, 2019 йилнинг 21 мартида "Кошелевский посад" ғалла омбори ишчилари кунгабоқар ва маргимушдан кемирувчиларга қарши заҳарли дори ясаганлар. Бу дорининг 4 қопи омборда қолган ва у англашилмовчилик туфайли кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш учун берилган. Ишчилар мана шу ёғни истеъмол қилиши ортидан заҳарланган.

Самара вилоятида жойлашган “Кошелевский посад” корхонасида ишлайдиган 68 нафар ўзбекистонлик “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилгани ҳақида 2019 йилнинг 18 июлида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билдирган эди.

XS
SM
MD
LG