Ссылки доступа

Туркия Ўзбекистонга Sinovac вакцинасидан 200 минг доза ҳадя қилди


Туркия ҳукумати Ўзбекистонга беғараз ёрдам ўлароқ COVID-19га қарши Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасидан 200 минг доза йўллади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур вакцина ҳамда 20 минг қути “Фавипиравир” препарати 13 октябрь тонгида Истанбул – Тошкент рейси билан Ўзбекистонга олиб келинган.

Вазирлик Тошкент ва Анқара ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида грант ёрдамига оид имзоланган битим асосида олиб келинган Sinovac вакцинаси Ўзбекистонга келтирилган олтинчи вакцина эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал мамлакатга AstraZeneca (Британия), ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ҳамда Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакциналари олиб келинганди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўзида яқиндан бошлаб Jurabek Laboratories қўшма корхонаси ZF-UZ-VAC2001 ҳамда Спутник V препаратларини ишлаб чиқара бошлаган.

ССВ маълумотига кўра, шу кунда мамлакатдаги вакцина заҳираси 28 миллион 673 минг 528 дозага етган.

XS
SM
MD
LG