Ссылки доступа

Тожикистон президенти Парижга келди


Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 12 октябрь куни Бельгияга расмий ташрифини якунлагач, Брюсселдан Парижга келди.

Расмий ташриф доирасида Имомали Раҳмон Франция президенти Эммануэл Макрон ва мамлакатнинг юқори мартабали раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда, деб хабар қилмоқда Тожикистон президенти матбуот хизмати.

Кутилишича, Париждаги музокараларнинг асосий мавзуси «Толибон» радикал ҳаракати (дунёнинг бир қанча мамлакатларида тақиқланган) томонидан мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгандан кейин Афғонистондаги вазият бўлади. Афғонистонда толибларнинг тан олинишига биринчи бўлиб Франция ва Тожикистон қарши бўлган. Илгари, Франция ҳукумати Толибонга қарши курашда Аҳмад Шоҳ Масъуд бошчилигидаги Шимолий Иттифоқни қўллаб-қувватлаган.

Имомали Раҳмоннинг Брюссел ва Парижга ташрифи арафасида, Тожикистонда сиёсий гаровга олинганларни ва маҳбусларни ҳимоя қилиш фуқаролик қўмитаси Европарламент раҳбариятига мурожаат қилиб, Тожикистон президентига мухолифларнинг 6 та талабини етказишни сўради. Инсон ҳуқуқлари фаоллари, хусусан, Европа Иттифоқи ва Франциядан Раҳмонни сиёсий рақиблар ва уларнинг оилаларини жиноий таъқиб қилишни тўхтатишга, сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилишга, мамлакатдаги барча сиёсий партиялар, гуруҳлар ва ҳаракатларга эркин фаолият юритишга рухсат беришни сўрашни сўраган.

Имомали Раҳмон Парижга ташрифи доирасида маданий тадбир — «Тожикистон — Олтин дарёлар мамлакати» тарихий экспонатлар кўргазмасида иштирок этади ва ЮНEСКОда Тожикистон Республикаси Маданият кунида сўзга чиқади. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

11 октябрь куни Брюсселга ташрифи чоғида Тожикистон раҳбари Европа Кенгаши Президенти Чарлз Мишел билан учрашди. Томонлар саноат, тоғ-кон саноати, инфратузилма, гидроэнергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.

Суҳбатдошлар Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақадаги вазиятга алоҳида эътибор беришди, деб хабар берди Тожикистон президенти матбуот хизмати.

«Биз Афғонистонда инклюзив ҳукумат зарурлигини таъкидладик», — деб ёзди Чарлз Мишел Имомали Раҳмон билан учрашгандан кейин Твиттерда.

Раҳмоннинг Бельгия ва Францияга ташрифи чоғида, муҳожирликдаги тожик мухолифати вакиллари тожик расмийларининг сиёсатига қарши норозилик намойишлари ўтказдилар.

Имомали Раҳмоннинг Европа давлатларига расмий ташрифи 14 октябргача давом этади.

XS
SM
MD
LG