Ссылки доступа

Товарларга оид маълумотларни ўзбек тилида тақдим этиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳаси қабул қилинди


Ўзбекистонда товар (иш, хизматлар) тўғрисидаги маълумотларни давлат тилида, яъни ўзбек тилида тақдим этиш шарт қилиб қўйилади.

Бунга оид тартибни, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга кўра, "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш киритиш орқали жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Депутат қайдича, қонун билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотларни ҳам истеъмолчига давлат тилида тақдим этиши белгиланган.

Айни пайтда бу маълумотлар ўзбек тили билан бирга бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкинлиги эслатилган.

“Менимча, бу турмушимизда давлат тили аҳамиятини янада оширишга қаратилган қадам бўлади”, деб ёзган депутат Р. Кушербаев.

Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга йўлланган.

Аввалроқ Озодлик Чирчиқ шаҳрида 2 октябрь куни давлат тилида сўзлашиш маданиятини оширишга қаратилган кўргазмали тадбир бошлангани, сўзлашув тилига бошқа тиллардан кириб қолган сўзлар ўрнига ўзбекча муқобилларини қўллашга чорловчи бу тадбир рус тилида сўзлашувчи қатламнинг баъзи вакиллари норозилигига сабаб бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG