Ссылки доступа

МСК вакили: Сайлов куни овоз бериш жараёнини 400 дан зиёд камера орқали кузатиш мумкин


Президент сайлови куни овоз бериш жараёнини Ўзбекистондаги 207 та туман ва шаҳар сайлов участкаларида ўрнатилган жами 414 та камера орқали кузатиш мумкин бўлади.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров 13 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирган.

Мулозимга кўра, МСКнинг чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисида мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги биттадан намунавий сайлов участкасида иккитадан камера ва зарурий қурилмаларни ўрнатиш қарори олинган.

Кузатув камералари ўрнатилган участкалардаги овоз бериш жараёни сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача МСК сайти ва “Ўзбекистон 24” телеканали орқали трансляция қилиб борилади.

МСК вакили иддаосича, участкаларга камераларни яширин овоз бериш тамойилини бузмаган ҳолда ўрнатиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь куни ўтказилиши кутилмоқда. Сайловни ўтказиш учун 14 та сайлов округида 10 минг 760 сайлов участкаси ташкил қилинган.

Шу кунда Ўзбекистонда сайловчилар сони 21,2 миллиондан кўпроқ кишини ташкил қилади. Аввалроқ МСК сайлов кунида яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларга 14 октябрдан 20 октябргача муддатидан аввал овоз бериш имконияти берилишини билдирган.

XS
SM
MD
LG