Ссылки доступа

Душанбеда деярли ярим тонна гиёҳванд моддалари билан қўлга тушган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари судланмоқда


Душанбеда деярли ярим тонна гиёҳванд моддалари билан қўлга тушган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари судланмоқда

Гуруҳ 23 ёшдан 57 ёшгача бўлган олти кишидан иборат бўлиб, унга «Азизи хонасоз” («Азиз-қурувчи») номи билан машҳур бўлган Душанбе шаҳрида яшовчи Азизулло Абдуллоев бошчилик қилган. Гиёҳванд моддалар сотувчилари 20 июль, Қурбон Ҳайити байрами куни ушланган.

Таҳририятимизнинг адвокатлар ва судланувчиларнинг қариндошлари билан боғланиш уринишлари муваффақиятсиз тугади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 13 октябрь оқшомида трансмиллий жиноий тармоқ аъзолари узоқ вақт давомида Афғонистондан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Европага гиёҳванд моддалар ташиш билан шуғуллангани ҳақида хабар берди. Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 473 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан қиймати 6 миллион доллардан ортиқ бўлган 79 кг героин мусодара қилинди.

Бир кун олдин «Тожикистон» телеканалида намойиш этилган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг телерепортажида Азизулло Абдуллоев ва уюшган жиноий гуруҳ аъзолари айбларини тан олдилар. Гувоҳлик қандай олинганлиги номаълум.

14 октябрь куни Душанбе шаҳар Ички ишлар вазирлиги Азизулло Абдуллоев ва унинг шериклари (Сиёвуш Содиқов, Азамат Тўлаганов, Сорбон Сабзкадамов, Бурон Саматов ва Мурод Хўжаев) ҳам жиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришда айбланаётганини хабар қилди. Гуруҳ аъзоларидан бири Азамат Тўлаганов — Ўзбекистон фуқароси.

Пойтахт полицияси жиноий гуруҳнинг икки аъзоси, жумладан Шамсулло Саидшарифов халқаро қидирувга берилганини қайд этди.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳақида маълумот жуда кам. Маълумки, улардан энг кичиги, 23 ёшли Сиёвуш Содиқов Тожикистон олий ўқув юртларидан бирининг талабаси, энг кексаси 57 ёшли Бурон Саматов Рудакида ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Озодлик радиосининг тожик хизмати гуруҳ раҳбари Азизи Хонасоз номи билан машҳур 46 ёшли Азизулло Абдуллоев «Бунёдкори аср» компанияси раҳбари эканлигини аниқлади. Компания пойтахт ва унинг атрофидаги турар-жой бинолари қурилиши билан шуғулланади. «Бунёдкори аср» компанияси ходимлари уларнинг раҳбари ҳибсга олинганини тасдиқладилар.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Душанбедаги матбуот маркази хабар беришича, Азизулло Абдуллоев 2005 йилда Россияда фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар савдоси учун судланган.

Тожикистон афғон гиёҳванд моддаларини Россия ва Ғарбга ташишнинг асосий нуқталаридан биридир. Сўнгги йилларда Тожикистон ҳукумати Афғонистондан «жаҳаннам элексири» контрабандаси камайганини эълон қилди. Бироқ, 14 октябрь куни Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов Москвада МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик ва разведка хизматлари раҳбарларининг учрашуви чоғида гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ контрабандаси, сўнгги бир неча ой ичида Афғонистондан Тожикистонга ўқ-дорилар сезиларли даражада ошганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG