Ссылки доступа

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги: Жамбил вилоятида ўқ-дорилар парчаларини портлатиш бошланди


Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ўқ-дорилар парчаларини йўқ қилиш бошланганини эълон қилди. Вазирлик режаларига кўра, портлатиш ишлари 13 ноябрга қадар амалга оширилади.

«Шу мақсадда ҳарбий қисм ва аҳоли пунктларидан 12 километрдан кўпроқ масофада, кимсасиз тоғли ҳудудда жой аниқланди», дейилади бўлим сайтида.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, яқин атрофдаги аҳоли пунктлари аҳолиси портлашлар ҳақида огоҳлантирилган, иш олиб борилаётган ҳудуд эса ҳарбий полиция ва Жамбил вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўраб олинган.

26 август куни Жамбил вилоятининг Байзак туманида ўқ-дорилар омбори портлади — ёнғин натижасида фавқулодда ҳолат юз берди. 17 киши ҳалок бўлди, юзга яқин киши жароҳат олди. Ҳарбий қисм ёнғинга қарши гуруҳи бошлиғи Бауржан Даутбоев бедарак йўқолган. Яқин атрофдаги қишлоқлардан юзлаб одамлар эвакуация қилинди.

Фавқулодда вазият натижасида, Жамбил вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, 106 уй, 12 тижорат объекти ва учта мактаб зарар кўрган. Ҳокимлик уйларни икки ой ичида қайта тиклашга ваъда берди.

10 октябрь куни Жамбил вилояти Сарикемер аҳоли пунктидаги муҳандислик ўқ-дорилар омборида навбатдаги портлаш содир бўлди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, «ёнғин натижасида шикастланган портловчи объект ишга тушган». Шунингдек, департамент портлаш оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG