Ссылки доступа

Лавров аралаш никоҳдан туғилган болаларга Россия фуқаролигини беришни таклиф қилди


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чет элда яшовчи россиялик ватандошларнинг VII жаҳон конгрессидаги чиқишида Россия ҳукумати аралаш никоҳдан туғилган болаларга автоматик равишда рус фуқаролигини беришни режалаштираётганини айтди.

"Биз аминмизки, қаерда аралаш оила яшаса, қаерда аралаш никоҳдан бола туғилса, хоҳ Россия ҳудудида бўлсин хоҳ чет давлат ҳудудида - у Конституцияга мувофиқ автоматик равишда фуқароликни олиши шарт" деди Лавров.

Давлат Думаси раисининг ўринбосари Анна Кузнецова Лавровнинг ташаббусини қўллаб -қувватлади.

Унинг фикрича, Россия фуқаролигини автоматик равишда олиш "кўплаб оилалар учун фойдали бўлади ва уларга ҳаётдаги турли муаммоларни осонроқ ҳал қилишга ёрдам беради".

"Бола вояга этгач, қайси давлат фуқароси бўлишини мустақил ҳал қила олади", - дейди у.

Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Сергей Цеков қонунларга бундай ўзгартиришлар ҳукумат томонидан киритилишини таклиф қилди.

Шунингдек, у ватандошлар, шу жумладан Украина ва Белорусда яшовчи фуқароларнинг фуқаролигини олишини соддалаштириш керак, деб ҳисоблайди.

Ҳозирда мамлакат қонунчилигига кўра, аралаш никоҳдан туғилган бола Россия ҳудудида дунёга келса, автоматик равишда Россия фуқаролигини олади. Бола хорижда дунёга келган тақдирда Россия фуқаролиги автоматик равишда эмас, балки ота-онанинг танловига кўра олинади. Бунинг учун Россия фуқароси бўлган ота ёки онанинг аризаси ва унинг хорижлик турмуш ўртоғининг розилиги лозим бўлади.

XS
SM
MD
LG