Ссылки доступа

Озодлик радиоси хабаридан сўнг Воронеждаги тожик муҳожирлари паспортлари ва маошларининг бир қисми қайтарилди (видео)


Воронеж вилоятининг Шубное қишлоғида, қул шароитида ишлаган ўнлаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари уларнинг муаммоси ҳал қилингани ҳақида хабар беришди.

Уларнинг сўзларига кўра, 16 октябрь куни эрталаб, Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси аралашувидан сўнг, паспортлари уларга қайтарилган ва маошлари қисман тўланган, шундан сўнг улар Шубное қишлоғини тарк этишган. Тожикистон элчихонаси Фейсбукдаги саҳифасида иш берувчилар ва мигрантлар ўртасидаги тушунмовчиликлар бартараф этилганини маълум қилди.

«Тожикистон фуқаролари билан иш берувчи ўртасидаги келишувларга кўра, яъни “Острогожсксадпитомник” ОАЖ, иш берувчи иш учун, авиачипталар, турар жой ва овқатланиш учун патент тўлаган ва Тожикистон фуқаролари ишга кирганидан кейин иш берувчи уларнинг маошидан харажатларни ушлаб қолган. Шундай қилиб, 2021 йил 1 сентябрда иш берувчи уларнинг ҳар бирига 10 минг рубль миқдорида аванс тўлади. Меҳнат муҳожирлари билан иш берувчи ўртасида тушунмовчилик юзага келди», — дейилади элчихонада.

Уч ой олдин Воронежда олма йиғиш учун ёлланган 110 тожик муҳожири 13 октябрь куни маҳаллий полиция бўлимида норозилик намойишига йиғилган. Улар иш берувчининг алдаш йўли билан паспортларини олиб қўйганликларини ва улар «гаровга олинганини» даъво қилишди. Озодлик радиоси Воронеждаги муҳожирлар аҳволига бағишланган репортаж тайёрлади, шундан сўнг 15 октябрда Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз ходимларини муаммони ҳал қилиш учун Воронежга юборганини эълон қилди.

Муҳожирлардан бири Хуршед Қурбонов 16 октябрь куни Озодлик радиосига берган интервьюсида иш берувчиси паспортини ва маошининг бир қисмини қайтарганини ва улар қишлоқдан автобусда кетишганини айтди. «Озодлик радиоси репортажидан сўнг, элчихона ходимлари воқеа жойига етиб келишди ва иш берувчилар билан гаплашишди. Паспортимизни қайтаришди ва ҳаммага маошнинг бир қисмини беришди. Ҳаммамиз қишлоқдан чиқиб, Россиянинг бошқа шаҳарларига, қариндошларимиз ва дўстларимизникига борамиз, — деди. Воронежда муаммоларга дуч келган меҳнат муҳожирлари орасида 12 аёл бор. Уларнинг сўзларига кўра, улар Тожикистонга қайтишни режалаштирмайдилар ва Россиянинг бошқа шаҳарларида яхши иш топишни хоҳлайдилар.

Тожикистон элчихонаси Фейсбукдаги саҳифасида ўз телефон рақамларини жойлаштирди ва мигрантларни муаммо юзага келганда улар билан боғланишга чақирди. Авваллари муҳожирлар кўпинча Тожикистон расмийлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмаслигидан шикоят қилар эдилар.

Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили бир миллиондан ортиқ Тожикистон фуқароси Россия Федерациясига ишлаш учун кетади. Россияда ишлаётган тожик муҳожирларининг пул ўтказмалари мамлакатга юбориладиган пулларнинг катта қисмини ташкил қилади. Тожикистон дунёда муҳожирларнинг пул ўтказмаларига энг кўп қарам бўлган давлатлардан бири.

XS
SM
MD
LG