Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил қилган аэропортда тез орада синов учишлари бошланади.
Аэропорт, 2020 йил, 8 августда президент имзолаган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор асосида қурилди.
Расмий хабарга кўра, Сўх туманининг Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган аэропортга қарийб 7 миллиард сўм сарфланган. Унда учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойи бўлади.
Сўх аҳолиси йиллардан буён Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона вилояти марказига ўтадиган йўл азобини тортиб келаётган эди.
Бундан 7 йил аввал Сўх анклавидаги “Ҳушёр” қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегарачилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ортидан қирғиз расмийлари Ўзбекистондан Сўх анклавига борувчи Риштон-Сўх автомобиль йўлини бутунлай беркитиб қўйганди.
Бу йўл шу йилнинг апрелида очилди. Расмийларга кўра, мазкур чегара постлари орқали ҳозирча йўловчи ташувчи автомашиналар ва пиёдалар ўтказилади. Юк ташувчи оғир автомашиналар ҳозирча чегаранинг бу қисмидан ўта олмайди.
Аммо, Сўх туманига чегарадош қўшни қишлоқлар аҳолиси ўртасида сув, чорва ва яйлов масаласида норозиликлар, жанжал ва тўқнашувлар кузатилади. Шундай тўқнашувлардан сўнггиси 2020 йилнинг майида чегарадаги баҳсли ҳудудда жойлашган "Чашма" булоғи устида кўтарилган ва ўшанда ҳам чегаралар ёпилиб, туман аҳолиси қамалга тушиб қолганди.
Бу қонли тўқнашувдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Сўх тумани билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан аэропорт қуришга қарор қилганди.