Ссылки доступа

15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб бўлган Taftish.uz журналисти Бобур Ганиев озодликка чиқди


 Бобур Ганиевнинг тармоқларда тарқалган фотосурати
Бобур Ганиевнинг тармоқларда тарқалган фотосурати

Taftish.uz журналисти Бобур Ганиев 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб бўлгани ортидан озодликка чиқарилди.

Якшанба куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Б. Ганиев йўталган ҳолда озодликка чиққани, уйга бориб “яхшилаб” даволаниши, кейин эса ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.

Аввалроқ Озодлик Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди 1 октябрь куни Taftish.uz сайти журналистлари Бобур Ганиев ва Аброр Козубаев ҳамда уларнинг таниши Обид Салимовга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлагани ҳақида хабар қилган эди.

Озодликка тақдим қилинган суд қарори нусхасида Бобур Ганиев Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси бўйича (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) айбдор деб топилгани қайд этилган.

Шунингдек, Аброр Козубаев 194-модда ва 195-моддалар, Обид Салимов эса 195-модда бўйича айбдор деб топилган.

Икки журналист ва уларнинг дўсти 30 сентябрь кунги ИИБ рейди пайти содир бўлган воқеада айбланган. Суд қарорида Бобур Ганиев ва Обид Салимов ўз телефонларига ИИБ ходимларини видео олгани ҳамда Ганиев “ИИБ ходимларини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, оммага ўзларини кўрсатиб, ИИБ ходимларини хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатган”и айтилган.

Ҳодисадан сўнг ИИБ ходимлари учовлонни Учтепа туман ИИБ биносига олиб боришган.

1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда 34 яшар Бобур Ганиевнинг ИИБ хонасида тергов қилинаётгани акс этган фото ва видеолар тарқалган. Видеолардан бирида Ганиевнинг тергов пайти ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани акс этган.

Видеолардан яна бирида гўё Бобур Ганиевники экани айтилган мобил телефондан порнографик тасвирлар ҳам топилгани иддао қилинган.

Б. Ганиевнинг ҳамкасблари иддаосича, танқидий чиқишлари сабаб унга нисбатан сохта айбловлар илгари сурилган ва уни жамоатчилик орасида обрўсизлантириш учун ИИБ хонасида видеога олиб тарқатилган.

Кейинроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида Бобур Ганиевнинг ИИБ хонасидаги фото ва видеоларини ким тармоқларга тарқатиб юборгани юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилган.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси Taftish.uz журналисти Бобур Ганиевга нисбатан Учтепа туман суди томонидан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдирганди.

XS
SM
MD
LG