Ссылки доступа

Тожикистонлик адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг қамоқ муддати 4 йилга қисқартирилди


Таниқли адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг қамоқ муддати Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган амнистия акти билан яна тўрт йилга қисқартирилди. Бу ҳақда 17 октябрь куни Озодлик радиосига унинг синглиси Ҳосият Ёрова маълум қилди.

Бузургмеҳр Ёров 2016 йилда 28 йилга озодликдан маҳрум этилган — у Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айбдор деб топилган.

«2019 йилда амнистия туфайли Бузургмеҳрнинг қамоқ муддати 6,5 йилга қисқартирилди. Энди муддат яна тўрт йилга қисқартирилди. Унинг жазони ўташи учун 11 йилу олти ой қолди», — дейди Ҳосият Ёрова.

Бузургмеҳр Ёров 2015 йил 28 сентябрда фирибгарлик ва қалбакилаштиришда айбланиб ҳибсга олинган. Ёров ўша пайтда тергов остида бўлган, тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси (ТИУП) нинг 14 аъзосининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қарор қилганидан кейин ҳибсга олинган. Кейинчалик адвокатга қарши бошқа жиноий ишлар қўзғатилди: унга ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш, судга ҳурматсизлик, миллат етакчиси — Тожикистон президентини ҳақорат қилиш айбловлари қўйилди.

2019 йил июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи Бузургмеҳр Ёровнинг қамоққа олинишини «халқаро ҳуқуқнинг бузилиши» деб атаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ёровга қўйилган айбловлар асоссиз, деган хулосага келди ва Тожикистон ҳукуматининг уни қамоққа олишининг сабаби, сиёсий мухолифат вакилларининг қонуний ҳимояси учун адвокатни жазолаш эканлигини маълум қилди. БМТ Тожикистон ҳукуматини Ёровни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Бироқ, Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон 2019 йилда Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси сессиясида Тожикистон ишбилармон Зайид Саидов, адвокат Бузургмеҳр Ёров ва тақиқланган ТИУП сиёсий кенгаши аъзоси Маҳмадали Хайитни жазодан озод қила олмаслигини айтди. Унга кўра, «суд унинг оғир жиноятларни содир этганини исботлади». Бош прокурор «уларнинг ишларида умуман сиёсат йўқ», деб туриб олди.

50 ёшли Бузургмеҳр Ёров Тожикистон давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган. Ўқишни тугатгач, у Душанбе шаҳрида Ички ишлар вазирлигида терговчи бўлиб ишлай бошлади. 1998 йилдан у адвокат бўлиб ишлаган, ҳибсга олинган пайтда «Сипар» (Шилд) юридик фирмасини бошқарган.

Бузургмеҳр Ёров Ваҳдат колониясида жазони ўтамоқда ва қариндошларининг сўзларига кўра, қамоқхона кутубхонасини бошқаради.

XS
SM
MD
LG