Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг хабар беришича, тадбиркорлар билан учрашувда дори воситалари билан таъминлаш соҳасидаги муаммолар муҳокама қилинган. Матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув натижасида «аҳоли учун ҳаётий зарур дори-дармонлар нархини пасайтириш нуқтаи назаридан тиббий маҳсулотларнинг бозор нархини шакллантиришга ёндашувларни қайта кўриб чиқиш» тўғрисида қарор қабул қилинган.
«Ҳаётий дори-дармонларга нарх белгилашда чайқовчиликни олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида, давлат органлари раҳбарларига ижро муддатлари кўрсатилган аниқ топшириқлар берилди», — дея хулоса қилади Вазирлар Маҳкамаси.
Вазирлар Маҳкамаси тегишли идоралар раҳбарларига қандай топшириқлар берилганига аниқлик киритмаган.
Дори-дармон нархини давлат томонидан тартибга солиш ташаббуси Қирғизистонда биринчи марта кўтарилгани йўқ. Шу йилнинг март ойида ўша пайтда Бош вазир ўринбосари Артём Новиков фармацевтика компаниялари вакиллари билан бу масалани муҳокама қилган. Тадбиркорлар, ҳукумат хабар берганидек, дори-дармонлар нархини давлат томонидан тартибга солиш ғоясини қўллаб-қувватладилар. Аммо, шу билан бирга, улар давлат тартибга солиш механизмини жорий этиш босқичма-босқич бўлиши кераклигини таъкидладилар, чунки Қирғизистон бозори кичик ва у давлат томонидан тартибга солишни тўлиқ жорий этишга тайёр эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев Қирғизистонда ҳукумат амалдорлари ва шифокорлар иштирокидаги фармацевтика мафияси фош этилганини айтганди. Кейинчалик, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар беришича, бир гуруҳ компаниялар мамлакатга дори-дармон олиб келиб, уларни аҳолига ҳаддан ташқари оширилган нархда сотишган. Дастлабки тергов ишлари доирасида фармацевтика компанияси раҳбарларидан бири В. Афандиев қўлга олинди.
13 октябрь куни махсус хизмат раҳбари Жўқорғи Кенгеси йиғилишида собиқ соғлиқни сақлаш вазирларидан бирининг синглиси «фармацевтика мафияси»га алоқадорлигини айтди.