Ссылки доступа

Чехия Президенти соғлиғи сабабли президентлик ваколатидан маҳрум қилиниши мумкин


Прага
Прага

Чехия президенти Милош Земан ҳозирда саломатлигидаги муаммолари сабаб ўз вазифаларини бажара олмаяпти ва унинг ишга қайтиш эҳтимоли жуда паст

Бу маълумот Земан бир ҳафтадан кўпроқ реанимация бўлимида бўлган Марказий ҳарбий госпиталнинг хабарида келтирилган. Хабарни душанба куни Чехия парламенти юқори палатаси — Сенат раиси Милош Вйстрчил келтирди. Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда Земаннинг ваколатларини мамлакатнинг бошқа раҳбарларига топширишдан бошқа йўл йўқ.

Сенат раҳбари бу Земан лавозимидан маҳрум қилиш ҳақида эмас, балки президент ўз вазифаларини бажара олмаган тақдирда Чехия Конституциясида белгиланган тартибда ваколатларнинг вақтинча ўтказилиши ҳақида эканлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Земан атрофидагилар президент касал бўлишига қарамай, ишлай олади, деб даъво қилмоқда ва сиёсий рақибларини президентдан қутулишга уринишда айбламоқда. Кўплаб сиёсатчилар, ўз навбатида, Земан атрофидагиларни касал президентни ўз мақсадлари учун ишлатганликда ва жамоатчиликка нотўғри маълумот берганликда айблашади.

Милош Земаннинг ўзи бир ойдан кўпроқ вақт давомида омма олдида кўринмади. У парламент сайловларидан сўнг дарҳол касалхонага ётқизилган, унинг иттифоқчиси, бош вазир Андрей Бабиш мағлуб бўлган. Янги президентни айнан президент тайинлаши керак.

Парламентнинг ҳар икки палатаси ваколатларни ўтказиш учун овоз бериши керак. Агар шундай бўладиган бўлса, ваколатлар бош вазир ва парламент қуйи палатаси раҳбари ўртасида тақсимланади ва янги бош вазирни қуйи палата раҳбари тайинлаши мумкин. Катта эҳтимол билан у тез орада сайловларда ғолиб чиққан собиқ мухолифат вакилини сайлайди.

Земаннинг ташхиси очиқланмаган — қонун бўйича, буни фақат беморнинг розилиги билан ошкор қилиш мумкин. Оммавий ахборот воситалари манбаларга таяниб ёзишича, 77 ёшли президент жигар энцефалопатияси билан оғриган.

XS
SM
MD
LG