Ссылки доступа

Суриштирув: Туркманистон президентининг жиянлари Дубайда 16 та квартира сотиб олган


Иллюстратив сурат

Turkmen.news ва Gundogar мустақил туркман нашрлари Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш лойиҳаси (OCCRP) билан ҳамкорликда “Пандора ҳужжатлари”ни ўрганиб, президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жиянлари давлат корхоналари маҳсулотлари экспортидан катта бойлик орттирганини аниқлади.

Суриштирувга кўра, Туркманистоннинг давлатга қарашли “Гарабогазкарбамид” заводи маҳсулотлари Шотландияда рўйхатдан ўтган Caran Holdings LP. номли шубҳали ширкат (унинг ҳатто ўз вебсайти ҳам йўқ) орқали экспорт қилинади. Корхона бошқарувида президентнинг жияни Ҳожимурод Режепов муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, расмий қайдларга кўра, у 2020 йил январь–ноябрь ойларида Шотландиядаги ширкатнинг соҳиби бўлган.

2018 йилда ўзини Caran ширкатининг вакили ўлароқ танитган бир одам туркман расмий нашрига интервью бериб, ширкат корхонанинг 1,2 миллион тонна маҳсулотини Грузия ва Россия портлари орқали экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаганини маълум қилган. Журналистлар ушбу рақамни бошқа маълумотлар билан таққослаб, шотланд ширкати Туркманистонда ишлаб чиқарилган карбамиднинг ягона экспортчиси эканини аниқлашган.

Бундан ташқари, ширкат Туркманистонга минерал ўғитлар импорт қилиш билан ҳам шуғулланган. Хусусан, 2018 йилда Caran Holdings LP. Туркманистонга 20 минг тонна аммофос олиб келиш бўйича 11,4 миллион долларли шартномани қўлга киритган.

Шунингдек, суриштирувда Ҳожимуроднинг укаси Шомурод Туркманистонда ишлаб чиқариладиган нефть ва кимё маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланувчи Британияда қайд этилган Delanore ширкати соҳибларидан бири эканлиги фош қилинган.

Суриштирувда аниқланишича, президентнинг бу икки жияни Дубайнинг энг яхши жойларидан 16 та квартира сотиб олишган. Хусусан, Ҳожимурод тўққизта, Шомурод эса жами 5,5 млн долларлик еттита ҳашаматли квартира эгасига айланган.

Аввалроқ Ҳожимурод Режеповга оид ширкат Туркманистонга озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилиш орқали ўн миллионлаб доллар пул ишлагани ўртага чиққан эди.

XS
SM
MD
LG