Ссылки доступа

Туркистонда болалар боғчасининг юздан ортиқ ишчилари норозилик билдиришди


19 октябрь куни Туркистон шаҳрида Қозоғистоннинг Туркистон вилоятининг турли туманларидан келган юздан зиёд хусусий болалар боғчалари эгалари ва ходимлари вилоят ҳокимлиги биноси олдида митинг ўтказдилар.

Улар иш ҳақини оширишни ва болалар боғчаларини жон бошига молиялаштиришдаги фарқни уч йил давомида тўлашни талаб қилишди.

Йиғилганлар қўлида «Тарбиячиларнинг маошини оширинг!», «Бошқа соҳаларда бўлгани каби, бизнинг ишимизни ҳам қадрланг!», шиорлари билан чиқишди.

Акция иштирокчиси Дилбар Ҳабибованинг айтишича, Туркистон вилоятидаги хусусий болалар боғчаларига охирги бир неча йил давомида ҳар бир бола учун ўртача 25 минг тенге ажратилган.

Хусусий болалар боғчаларининг кичик ходимларининг иш ҳақи ўртача 40 минг тенгени (90 долларга яқин), тарбиячиларнинг иш ҳақи 50-70 минг тенгени ташкил қилади.

Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосарлари ҳокимият ёнида йиғилганлар билан учрашди. Намойишчилар конгресс-зал биносига олиб борилиб, вазиятни тушунтиришди. Ҳокимлик вакилларининг айтишича, болалар боғчаларини аҳоли жон бошига молиялаштириш учун давлат бюджетидан вилоятга бошқа ҳудудларга қараганда камроқ маблағ ажратилган, бу эса ходимларнинг иш ҳақига таъсир қилади.

Намойишчиларни ҳокимият вакилларининг жавоблари қониқтирмади, улар Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев номига жамоавий хат ёзишди.

Инсон тараққиёти бўлими бошлиғи ўринбосари Амантай Усербаевнинг айтишича, болалар боғчаларини жон бошига молиялаштириш расман 41 минг тенгени ташкил қилади, лекин аслида унга деярли ярми — 25,8 минг тенге тўланади. Унга кўра, Молия вазирлигига тадбиркорларнинг талабларини бажариш учун сўровлар юборилган.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, вилоятда 1424 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда, шундан 1024 таси хусусий. Вилоятдаги хусусий болалар боғчаларида тарбияланувчилар сони юз мингдан ошади.

XS
SM
MD
LG