Ссылки доступа

Пойтахт бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон муфтийси этиб сайланди


Икки йилдан буён Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.

Диний идора матбуот хизмати маълумотига кўра, муфтий сайлови 19 октябрь куни ЎМИ Уламолар кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши чоғида амалга оширилган.

Қайд этилишича, Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган 53 ёшли Н. Холиқназаров 1992 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда эса Фарғона давлат университетини тамомлаган.

Иш фаолияти давомида у Асака шаҳридаги “Аҳмадали Махдум” масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги “Кўкалдош”, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари ўқитувчиси, Андижон вилояти бош имом-хатиби вазифаларида ишлаган. 2019 йил бери эса Нуриддин Холиқназаров пойтахт бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган эди.

Н. Холиқназаровдан бўшаган ўринга, маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бош имом-хатиби ва “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов тайинланган.

Тошкент шаҳрининг янги бош имом-хатиби Р. Сайфутдинов эркакларнинг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан танилган.

XS
SM
MD
LG