Ссылки доступа

Талабаларга 3-курсдан бошлаб мактабда дарс ўтиш ҳуқуқи берилди


Ўзбекистонда педагогика йўналишларида кундузги, кечки ва сиртқи бўлимларининг 3-курсида таҳсил олаётган талабаларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи берилди.

Бу тартиб ҳукумат томонидан шу йил 15 октябрида қабул қилинган "Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор асосида жорий қилинмоқда.

Аввалги тартиб бўйича талабалар мактабда фақат 4-курсдан бошлабгина дарс беришлари мумкин эди.

Ҳукумат қарорида таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга бўлган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилиниши кўзда тутилган.

Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз, бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланиши белгиланган.

Шу билан бирга, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланиши билдирилган.

XS
SM
MD
LG