Ссылки доступа

АҚШ мудофаа вазири: Россия Донбассда тинчлик ўрнатилишига қаршилик қилмоқда


АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин

Киевга келган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина шарқида уруш бошлангани ва можаро ҳануз давом этаётгани учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади.

“Бу урушни Россия бошлади ва унинг ўзи можарони тинч йўл билан ҳал қилишга тўсиқ бўлмоқда”, деган у Украина мудофаа вазири Андрей Таран билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Киевга келганидан сўнг “Твиттер”да пост қолдирган Остин ташрифдан мақсади Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклашга ва Россия хуружларини даф қилиш лаёқатини кучлантиришга ҳозирлигини билдириш эканини маълум қилган.

Украинанинг НАТОга кириши эҳтимоли ҳақида сўз очаркан, Остин ҳеч бир “учинчи мамлакат” бунга вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтган. НАТО расман ўз эшиклари Украина учун очиқлигини урғулайди, бироқ Киев Альянсга кириш учун зарур ҳаракатлар режасини ҳали олганича йўқ.

Россия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига кескин қаршилик қилмоқда, Кремлнинг матбуот котиби Песков яқинда, агар Украина аъзоликка яқинлашса, “фаол чоралар” кўрилишини айтиб, таҳдид қилган эди.

Украина мудофаа вазирига кўра, музокара чоғида икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” ва Қора денгизда хавфсизликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинган.

18 октябрь куни Украина АҚШдан тиббиёт моллари ва қурол-аслаҳадан иборат юкларнинг иккинчи партиясини қабул қилиб олгани хабар қилинган эди. Умумий қиймати 60 миллион долларлик ушбу юк Украина президентининг Вашингтонга ташрифи чоғида эришилган келишувга мувофиқ равишда етказиб берилмоқда.

Украина шарқида қуролли тўқнашувлар 2014 йил баҳорида - Россия томонидан Қрим яримороли аннексия қилинганидан кўп ўтмай бошланган.

XS
SM
MD
LG