Ссылки доступа

Тожикистонда 8 ёшли Руфайданинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Тожикистон Олий суди Рудакий туманида яшовчи 8 ёшли Руфайда Иноятовани ўлдиришда айбланаётган шахснинг жиноят ишини кўриб чиқишни якунлади ва 19 октябрь куни ҳукмни эълон қилди.

Шафқатсизларча ўлдирилган қизнинг ота-онаси 30 ёшли Раҳматулло Гадоев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганини айтишди. Олий суд томонидан ҳозирча расмий баёнот берилмаган ва суд ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

«Биз суд ҳукмига тўлиқ қўшиламиз ва бошиданоқ умрбод қамоқ жазосини талаб қилганмиз», — дейди Руфайданинг отаси Валижон Иноятов.

8 ёшли Руфайда Иноятованинг шафқатсиз қотиллиги 4 июль куни Рудакий туманининг Навобод қишлоғида содир бўлган. Қариндошларнинг айтишича, Руфайда бувисининг уйидан 20-30 метр нарида жойлашган ҳожатхонага бориб, ғойиб бўлган. Эртаси куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қизнинг бўлакларга бўлинган жасадини топдилар.

30 ёшли Раҳматулло Гадоев шафқатсиз қотилликда айбланмоқда. Адвокат ёки гумонланувчи Гадоевнинг қариндошлари билан боғланишга уринишлар муваффақиятсиз тугади.

Руфаййданинг ўлдирилиши жамоатчиликнинг катта норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу даҳшатли жиноятни қоралаб, зўрлаганларга нисбатан жазони қаттиқроқ қилишни талаб қилишди. Тожикистон фуқаролик жамияти вакиллари парламент юқори палатаси Мажлиси Миллий раиси Рустам Имомали номига мурожаат матнини туздилар, унда болаларга нисбатан зўравонлик глобал муаммо деб аталди.

XS
SM
MD
LG