Ссылки доступа

Алексей Навальний Европа парламенти томонидан Андрей Сахаров мукофотига лойиқ топилди


Алексей Навальный

Европа парламенти Андрей Сахаров номидаги “Фикр эркинлиги учун” мукофотини россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга топширишга қарор қилди.

Бу ҳақда Озодликнинг рус хизмати ҳодисадан хабардор икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Ғолиб исмини расман очиқлаш маросими 20 октябрь оқшомида бўлиб ўтади.

Мазкур хабар ортидан мукофот Навальнийга берилиши ҳақида унинг номзодини кўрсатган Европарламент фракцияси ҳам баёнот берди.

Сахаров мукофоти Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофоти бўлиб ҳисобланади. Россиялик мухолифатчининг номзоди бу мукофотга Европарламентнинг энг йирик фракцияси бўлмиш Европа халқ партияси ҳамда “Европани янгилаш” деб номланган либераллар фракцияси томонидан кўрсатилган.

Алексей Навальний йил бошидан буён Россиядаги қамоқхонада ўтирибди. У Германиядан даволаниб қайтиши биланоқ Москва аэропортида қўлга олинган. Мухолифатчининг қамоқ муддати 2023 йил кузида тугаши керак. Бироқ унга қарши яна бир нечта жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган йили Сахаров мукофотини Беларусь мухолифати вакиллари олган. 2018 йилда эса мазкур мукофот Россия қамоқхонаси собиқ маҳбуси – украин режиссёри Олег Сенцовга топширилган.

Навальний жорий йилда Нобель тинчлик мукофотига ҳам номзод қилиб кўрсатилган эди, аммо пировардида мукофот икки журналист – филиппинлик Мария Ресса ҳамда россиялик Дмитрий Муратовга топширилган.

XS
SM
MD
LG