Ссылки доступа

Ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Омоннинг онаси Тожикистон расмийларини ўғлининг ишини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда (видео)


9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Омоннинг онаси ўғлини айбсиз деб билади. 77 ёшли Ашурбиби Холова Тожикистон олий раҳбариятининг аралашуви жазони бекор қилиш ёки енгиллаштиришга ҳисса қўшишига умид қилмоқда.

19 октябрь куни Душанбе суди Москвадаги «Тожикон» марказининг раҳбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Омонни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Маҳкум мухолифатчининг онаси Ашурбиби Холова 20 октябрь куни берган интервьюсида суд ҳукми адолатсиз эканини айтди. «Менинг ўғлим ўғирлик қилмаган. Бу вақт мобайнида ҳеч ким ўғлимиз устидан шикоят билан уйимизга келмади. Биз Иззатни озод қилиш учун иш суммасидаги тўлиқ суммани тўладик. Биз унинг озод бўлишини кутдик, лекин бундай бўлмади. Мен Тожикистон президентидан ишни қайта кўриб чиқиш учун кўрсатма беришини сўрайман», — дейди кекса аёл.

Ашурбиби Холова, шунингдек, март ойининг охиридан, Иззат Омон Россиядан Тожикистонга сургун қилинганидан буён, ўғли билан фақат бир марта учрашишга рухсат берилганини айтди.

Душанбе суди нима учун яқинда қабул қилинган «Амнистия тўғрисида» қонун Иззат Омонга нисбатан қўлланилмаганини ва жиноят ишида кўрсатилган барча сумма тўланганига қарамай инобатга олинмаганидан норози.

Ҳуқуқ ҳимоячиси, Москвадаги «Тожикон» маркази раҳбари Иззат Омон 2021 йил март ойида Россия фуқаролигидан маҳрум қилинди ва Тожикистонга депортация қилинди. Тожикистонда у катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. Омонга қарши баёнот, илгари хабар қилинганидек, 12 киши томонидан ёзилган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг қариндошлари фирибгарлик айбловини рад этишди, лекин уни озод қилиш учун «алданганларга» бутун суммани — 1 миллион 90 минг рус рубли ва 1000 долларни қайтаришга тайёр эканликларини айтишди.

48 ёшли Иззат Омоннинг ҳамроҳлари унинг иши сиёсий сабабларга кўра бўлган деб ҳисоблайдилар.

2019 йил сентябрь ойида Иззат Омон тожик муҳожирларининг Ўзгаришлар, ислоҳотлар ва тараққиёт партияси тузилганини эълон қилди. Янги сиёсий уюшманинг мақсади — муҳожирларнинг Тожикистон сиёсий ҳаётида, жумладан, парламент ва президент сайловларида иштирок этишидир. Бироқ, кейинчалик ҳокимият босими туфайли у бу фикридан воз кечишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG