Ссылки доступа

Расмий Тошкент Толибон ҳукуматини тан олиш шартларини очиқлади


Толибон иқтидори расмий Тошкент томонидан тан олинишининг шартларидан бири Афғонистонда жамиятнинг барча сиёсий кучларини тамсил этган ҳукумат тузилишидир.

Бу ҳақда, Россия ва Ўзбекистон матбуотининг ёзишича, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 20 октябрь куни Москвада маълум қилган.

Чоршанба куни бошланган Афғонистон бўйича Москва формати маслаҳатлашувларида Ўзбекистон дохил 10 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.

Эргашев ўз сўзида Толибон ҳукумати Ўзбекистон томонидан тан олиниши учун уларнинг Доха шартномаси бўйича ўз мажбуриятларининг бажариши, фундаментал инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда террорчиларнинг Афғонистон ҳудудидан қўшни мамлакатларга таҳдид сифатида фойдаланишига йўл қўйилмаслиги каби шартларни ҳам санаган.

Буларни санар экан, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳозирча расмий Тошкент “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматни тан олишга ҳозирча имконият кўрмаётганини урғулаган.

Ўзбек расмийлари “Толибон” ҳукуматини де-юре тан олмаганларини таъкидлаётган бўлсалар-да, де-факто улар билан фаол ҳамкорлик қилишни канда қилаётганлари йўқ. Бу тутум, масалан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг 7 октябрь куни Афғонистонга сафар қилиб, Толибон тузган ҳукумат вакиллари билан музокаралар олиб бориши, 16 октябрь куни Абдул Салом Ҳанафий бошчилигидаги Толибон делегациясининг Термиз шаҳрига келиб, ўзбек расмийлари билан учрашиши кабиларда акс этмоқда.

XS
SM
MD
LG